Мирзаободлик тажрибали фермер ёшларга маҳорат дарси ўтди

23.05.2019, 15:15

Мирзаободлик тажрибали фермер ёшларга  маҳорат дарси ўтди

O‘zLiDeP Cирдарё вилоят Кенгаши томонидан Мирзаобод туманидаги “Маҳмуд қизи Мафтуна” фермер хўжалигида маҳорат дарси ўтказилди. Унда тадбиркорликни бошламоқчи бўлган, фермерликка қизиқувчи 20 нафарга яқин ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида мазкур фермер хўжалиги раҳбари Мафтуна Мамажонова ўз иш тажрибаси, ерларни экин экишга тайёрлашдан тортиб, уларни парваришлаш, ўз вақтида суғориш, озуқасини бериш жараёнлари ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди.

Мафтунанинг айтишича, дастлаб Мирзаобод туманининг энг чекка ҳудуди – Мирзо Улуғбек хўжалигидан 2 гектар ер олган. Аммо экин экиш учун сув йўқ. Сув бўлмаса қилинган барча ҳаракатлар бесамар кетиши тайин. Шу боис далага яқин ердан оқиб ўтувчи каналга 3 та насос ўрнатилиб, далага сув чиқарилган. Отаси, онаси ва ака-укалари кўмагида ерга минерал ўғитлар берган. Лекин биринчи йил қилинган барча уринишлар зое кетган.

“Эчкичиликдан, иссиқхонадан, тикув цехларидан олган даромадимизга машина олиб қалбимдаги булутлар тарқаб кетди. “Ерга ҳақиқий меҳр берсанггина у сени тўйдиради. Демак, биз ҳали унга етарлича меҳр бера олмабмиз”, дея яна шаҳд билан ишга киришдик. Аксига олиб ҳайдаттириб, озуқага тўйдирган ерларимизга анчагача экин эколмай қолдик. Баҳорда ёққан тинимсиз ёмғир режалаштириб қўйган ишларимизни амалга оширишда бироз ҳалал берди. Аммо бунинг ҳам йўлини топдик. 1 гектар ерга 660 туп анор кўчатлари, даланинг четларига эса водийдан олиб келинган энг сара узум навларини экдик”, – дейди ёш фермер.  

Таъкидлаш керак, фермер қизга берилган ернинг бир қаричи ҳам бўш эмас. Эрта баҳорда экилган навниҳол анор кўчатларидаги беш-олтита ҳосил нишоналарини кўриб ҳайратингиз ошади. Бодринг ва помидор кўчатлари ҳам гуллаб турибди. 2 гектар ердаги бедазор, 200 туп булғор қалампири, бақлажон, мош, ловия каби экинлар ҳам гўёки фермер қизнинг меҳр тафтидан баҳра олаётгандек яшнаб турибди.

Унинг таъкидлашича, иш кўлами ошгани сари ишчи кучига ҳам эҳтиёж ортиб бораверар экан. Шу боис Мафтуна Россияда ишлаб юрган жиянларини ҳам чақириб олиб, иш билан банд қилиб қўйди. Келини Ёрқиной, келинойиси Наргиза ҳам бугун эккан ниҳоллари атрофини юмшатиш, кундалик юмушларда фаол иштирок этяпти.

Ўткир ЖЎРАЕВ,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    222
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+