Амалий ишлар бардавомлиги учун

29.09.2021, 10:37

Амалий ишлар бардавомлиги учун

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Темур Поёновнинг Яккабоғ қўрғончаси сайловчилари билан учрашуви ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Ишончли вакил Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурини ўқиб эшиттиргандан сўнг, қўрғончалик турли касб эгалари, нуроний ва ёшлар, тадбиркор ва хотин-қизлар O’zLiDeP номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беражакларини билдирдилар.

-Воҳамизда бир ярим мингдан ортиқ ёшлар истиқомат қилади, - деди Жаҳон тиллари институти талабаси Ситора Эргашева. - Уларнинг аксарияти хориж тилларини билишмайди, кўпчилиги уюшмаган ёшлар, айримлари эса “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлардир. Муҳтарам Президентимиз билан учрашганимда мен ҳам тадбиркорлик қилмоқчи эканлигимни эшитиб, мамнуният билан менга омад тиладилар. Жойим йўқлигини билдирганимда бу муаммони зудлик билан ҳал этишларини айтдилар. Қисқа фурсатда ажратилган 20 та  хонани таъмирлаб, ёшларга инглиз тилини ўргатадиган “Президент” ўқув марказимни очдим. Бугун ҳам талаба, ҳам тадбиркорман. Келгусида тадбиркорлигимни кенгайтириб, тенгдошларимни иш билан таъминлашни режалаштирганман. Ўтган беш йил мобайнида қўрғончамиз бутунлай янги қиёфа касб этди. Мана шу муҳташам “Маданият саройи” ҳам икки йил муқаддам қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ердаги ўттиздан ортиқ тўгаракларда  ёшлар билим ва ҳунар ўрганишаяпти. Биз қўрғончалик ёшлар бахтли истиқболимиз учун ғамхўрлик қилиб келаётган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришимизни баралла айтаяпмиз.

-Маҳалламиздаги симёғочлар чириб, фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганлиги  учун одамлар электр нурига ёлчимасди, -дейди “Бешўғил” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Зебинисо Рустамова. – Янгиланишлар сабаб хонадонларимиз чароғон, йўлларимиз равон бўлди.  “Халқ банки” ходимлари нафақаларни кексаларнинг уйларига ўз вақтида олиб бориб беришяпти. Почта эшигида сарғайиб кун ўтказган отахон ва онахонларнинг қувончлари чексиз.

Куннинг иккинчи ярмига келиб, ишончли вакил Яккабоғ шаҳри хотин-қизлари билан учрашди. Унда сўзга чиққанлар халқ таълимини ривожлантириш борасидаги қилинаётган ишлар, коллежларда йўқотилган ёшлар, 11-синфлик таълимнинг қайта тикланиши натижасида улкан марраларни забт этаётган навқирон авлод, пахта қулчилик сиёсатига барҳам берилганлиги,  ўқитувчилар ва тадбиркор аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида батафсил айтиб ўтдилар.

- Мен оддийгина ҳамшира эдим, - дейди Яккабоғ шаҳридаги “SITORA IMKON PLYUS” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Наргиза Саломова. – Аммо қалбимнинг бир четида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор эди. Аммо ўша йиллари тадбиркорликни йўлга қўйиш ниҳоятда қийин эди.    Нодавлат муассаса очиб, ёшлар ва хотин-қизларга 15 дан ортиқ йўналишларда касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўйдим. Қийналган кезларимда тадбиркорликни йиғиштирсаммикан деган хаёлларга ҳам борганим рост. Аммо озод юртимизда адолат қуёши порлаб, биз тадбиркор аёлларнинг елкасига офтоб теккандан сўнг, фикримдан қайтиб янада кўпроқ ишлашга, янги-янги иш ўринлари яратишга аҳд қилдим. Ҳозирги кунга қадар  мазкур муассасада касбий малака оширган 17 минг нафарга яқин ёшлар ва хотин-қизлар воҳанинг турли ҳудудларида тадбиркорлик билан шуғулланиб,   аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келишаяпти. Муассасада ногиронлиги бор, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига ҳомийлик асосида бепул касб-ҳунар ўргатамиз. Шунингдек, муассасамиз қошида “Аслзода” гўзаллик ва келинлик салони ҳамда тикувчилик цехи ишга туширилган бўлиб, 30 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Ўтган беш йил мен учун улкан муваффақиятлар йили бўлди. Эришган ютуқлар бесамар кетгани йўқ. Юртбошимиз иккита “Спарк” автомашинасини  совға  қилдилар. 

Учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қаҳрамон Эргашев, Гулшана Худоёрова ва Шаҳноза Холмахаматовалар иштирок этишиб¸  мамлакатимизда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, барча соҳалардаги юз бераётган оламшумул ўзгаришлар, инсон омилига эътибор, “маҳаллабай” ишлаш асосида камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритишди. 

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    682
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+