Ўтган беш йилда қандай ислоҳотлар амалга оширилди?

28.09.2021, 16:19

Ўтган беш йилда қандай ислоҳотлар амалга оширилди?

Шавкат Мирзиёев Президентлик вазифасига киришган илк кунларданоқ халқ ичига дадил кириб борди, одамлар дардини тинглади, давлат органларининг барча бўғинларида омма билан бевосита мулоқот тизимини шакллантирди.

Ўтган беш йилда амалга оширилган  муҳим ислоҳотлар, жумладан, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилиши, валюта бозори эркинлаштирилиши, давлат хизматлари тизими ривожлантирилиши, туризмни ривожлантириш доирасида 90 та давлат билан визасиз режим, 48 та мамлакат билан визасиз транзит жорий қилиниши, сўз эркинлиги таъминланиши, мажбурий меҳнатга чек қўйилиши, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича самарали тизим барпо этилиши, ишбилармонлик муҳити яхшиланиши, коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ишларнинг амалга оширилгани билан мустаҳкамланди.

Бундан ташқари 5 йил давомида тараққиётнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берган тарихий ҳужжат – Ҳаракатлар стратегияси доирасида жуда  улкан ишлар қилинди.

Хусусан,  халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қила бошлади.  Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини  яхшилаш  давлат сиёсатининг бош мезони бўлди.

Виртуал ва халқ қабулхоналари фаолияти кенг миқёсда ва самарали йўлга қўйилди, жамоатчилик назорати учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Яъни жамоатчилик палатаси ташкил этилди, Ёшлар парламенти тузилди, нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Номарказлаштириш сиёсати изчил олиб борилиб, “ҳудудлардаги муаммони, энг аввало, “ўша ҳудудда ишлайдиган ва яшайдиган инсонлар аъло даражада ҳал қила олади”, деган фикрдан келиб чиққан ҳолда давлат аппаратининг институционал тизими қайта кўриб чиқилди. Давлат хизматларини кўрсатиш тизимида фуқароларга нисбатан бюрократик сансалорликни бартараф этиш бўйича муҳим қадамлар ташланди.

Яна бир жуда катта иш қилиндики, одамларга сўз эркинлиги, фикр юритиш эркинлиги ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқи берилди. Мана шунинг ўзи мамлакатимизда демократик тамойилларга тўла амал қилаётганининг исботи бўлди.

Суд-ҳуқуқ тизимида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Масалан, “прописка” тизимининг ислоҳ этилиши, Ўзбекистонда доимий яшовчи, лекин фуқаролиги бўлмаган минглаб одамларнинг Республика фуқаролигини олиши, шу юрт фуыароси  Ўзбекистоннинг қаеридан уй-жой сотиб  оладиган бўлса,  доимий прописка талаб қилинмаслиги, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органининг ташкил этилиши каби ишлар шулар жумласидандир.

Яна айтадиган бўлсак, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш мақсадида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли экани белгиланди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди.

Ҳудудларда ягона суд амалиётининг шакллантирилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қила бошлади.

Бундан ташқари, иқтисодиётни либераллаштириш йўналишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига оид қонунчилик такомиллаштирилди, бу йўналишда янги меъёрий ҳужжатлар кучга кирди. Фаол ишбилармонликка халақит берувчи  тўсиқлар бартараф этилди.  Инвесторларни Ўзбекистонда бизнес ташкил этиб, ривожлантиришга рағбатлантириш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилди.

Тадбиркорларга ҳар хил чекловларнинг  камайтирилиши, валютани либераллаштириш, нақд ва нақд пулсиз тўлов тафовутлари йўқ қилиниши, экспорт билан шуғулланувчи корхоналар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, хорижий валютадаги тушумни топшириш мажбуриятидан озод этилиши, тадбиркорларнинг хориждан керакли маҳсулот, товар ва хизматларни олиш учун валюта харид қилишларига имкон берилди.

Бугунга келиб, хорижий сармоядорлар Ўзбекистонда олинган фойдани валютада четга олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлди, қишлоқ хўжалигида кластер тизими яратилди. Тадбиркорлик субъектлариниг текширишга  мораторий эълон қилинди.

Ижтимоий соҳада ҳам, ташқи сиёсат соҳасида ҳам мисли кўрилмаган ишлар амалга ошди. 2016 йилдан бошлаб илк бор таъқиқланган гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 20 000 дан ортиқ юртдошимиз “қора рўйхат”дан чиқарилди, “қора рўйхат” деган тушунча бутунлай йўқ қилинди. Болалар, талабалар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатига тўла чек қўйилди.

Кутилмаган пандемия даврида 10 триллион сўм фондга эга бўлган “Инқирозга қарши курашиш” жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфратузилмалар, аҳоли ва корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

2019, 2020  йилларда Тошкент шаҳрида 1000 дан ортиқ квартира ҳеч бир шартсиз муҳтожларга текинга берилди. Ушбу эзгу ишлар республика миқёсида ҳамон давом этмоқда.

Уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин меҳнатга лаёқатлилар  иш билан таъминланди.

Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилган бўлса, бугунги кунда 50 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлди.

Ташқи сиёсат йўналишида эса чегаралар очилди, ташқи сиёсатда яхши қўшничилик – яқин қўшничиликда “янги баҳор” сиёсати ўрнатилди.

 Мана шундай эзгу ишлар туфайли Шавкат Мирзиёев юртдошларимизнинг  меҳрини қозонди.  Халқ  шунинг учун давлат раҳбарини яхши кўрди. Одамлар ҳамиша эзгуликка талпинади ва албатта эзгулик ҳамиша  ғалаба қозонади.

Қ. Санақулов,

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига

номзод Ш.Мирзиёевнинг Навоий

вилояти бўйича ишончли вакили.

  • Кўрилди
    735
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+