Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги концепцияси ва стратегияси тасдиқланди

01.12.2021, 11:38

Жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги концепцияси ва стратегияси тасдиқланди

Тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик барчамиз учун улуғ неъматдир. Агар тинчлик ва соғлиқ бўлмаса инсонга ҳеч нарса татимайди. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинч-осойишта жойда эса ривожланиш бўлади.

Бугунги глобаллашув шароитида дунёнинг турли нуқталарида содир бўлаётган катта-кичик кўнгилсиз воқеа-ҳодисалар, у ерларда яшайдиган аҳолининг бошига тушаётган ташвишлар бизни янада огоҳликка чақиради ва юртимиздаги тинчликни қадрига етиб яшашга ундайди.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Мана шу тинчлик-хотиржамликни таъминлаб бериш мақсадида, мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Ўз навбатида дунёда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан унга кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги илғор хорижий ва миллий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ҳамда аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси, 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси ва ушбу стратегияни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Концепция, Стратегия ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан масъулият жамоат хавфсизлигини таъминловчи давлат органларининг шахсан биринчи раҳбарларига юклатилди.

Шунингдек, фармонга биноан Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этиладиган бўлди. Департамент жамоат жойларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш чораларини кўриш, вояга етмаганлар ва ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш орқали улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш каби вазифалар билан шуғулланади.

Умуман олганда фармонда жамоат хавфсизлигини сақлашга қаратилган яна бир қатор ташкилий-ҳуқуқий нормалар белгиланган. Мақсад халқимизнинг эртанги кундан кўнгли тўқ, хотиржам, тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат.

Акбар Музаффаров,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси бўлим бошлиғи

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    134
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+