Балиқчиликнинг ривожлантирилиши озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишига ижобий таъсир кўрсатади

22.12.2021, 14:56

Балиқчиликнинг ривожлантирилиши озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишига ижобий таъсир кўрсатади

Кейинги беш йил мобайнида мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу бежиз эмас, албатта. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Юртимизда бу йўналиш долзарблигини йўқотмаган. Негаки, озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши туфайли  иcтeъмoл ҳам кўпаймоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 20 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида молиявий масалалар ҳал қилиниб, барча имкониятлар яратиб берилганига қарамай, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда камчиликлар сақланиб қолаётганига эътибор қаратди.  Кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш, ўз ҳудудида зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли захирасини шакллантириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш барча даражадаги ҳокимларнинг диққат марказида бўлиши кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда балиқчилик тармоғидаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Мазкур йўналиш самарадорлигини ошириш, уни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Хусусан, тармоқда кластерлар ва кооперация тизимини ривожлантириш режалари кўриб чиқилиб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Унга кўра келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етказилади. Келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилиши, уйида балиқ етиштирувчилар учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга ошириш ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтириш, балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилиши кўрсатиб ўтилди.

Президентимизнинг ҳар бир тармоқ, йўналишга алоҳида эътибор қаратаётгани, уларни ривожлантиришга бош-қош бўлаётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Зеро, бир тармоқ самарадорлигининг ортиши ўз навбатида, бошқа тегишли жабҳаларнинг ҳам ривожланишига, турли иқтисодий-ижтимоий масалалар ечими топилишига ижобий таъсир кўрсатади.   

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    534
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+