Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори

30.12.2021, 15:40

Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг жуда кўп мамлакатлар билан кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликлар йўлга қўйилди ва бу ҳамкорликлар самараси ўлароқ мамлакатимизда йўл-транспорт, логистика, божхона, экспорт-импорт масалаларини ҳал этишда муҳим қадамлар ташланди.

Айниқса, кейинги пайтда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар ва МДҲ доирасидаги давлат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликлар ривож топиб бораётгани ҳар бир давлат учун манфаатли бўлмоқда.

Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳам албатта, Ўзбекистон равнақи ва тараққиёти учун янги босқичларни очишига шубҳа йўқ.

Учрашувда 2021 йилнинг ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди, келгуси 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳар бир давлат раҳбари фикрлари ўртага ташланди. Энг муҳими, пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Саммит Иитирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор “яшил” тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани айтилди.

Шуни алоҳида эътироф этишни истар эдимки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги фаолияти янада фаоллаштирди. Мамлакатимиз 40 дан зиёд кўп томонлама битимни имзолади ва ташкилотнинг 23 та органига қўшилди. Ўтган йилда Ўзбекистон илк бор МДҲга раислик қилди. Саммитда Президентимиз таъкидлаганидек, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши ўттиз фоиздан зиёдга ошди, қарийб мингта қўшма корхона ташкил этилди, божхона соҳасида ўзаро келишувлар туфайли товарларни экспорт қилиш ва импорт соҳаси янада юксалди.

Умуман олганда Ўзбекистон МДҲ давлатлари ўртасидаги кенг кўламли алоқаларнинг ривожланиши тарафдори. Бинобарин, барибир узоқ-яқин қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланиши яхши-да. Нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки маънавий-маърифий соҳаларда ҳам халқларимизнинг ўзаро дўстона алоқалари юртимизнинг равнақ топишида муҳим аҳамиятга эга.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    341
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+