“Яшил” иқтисодиёт – нажоткор йўналиш

06.01.2022, 16:35

“Яшил” иқтисодиёт – нажоткор йўналиш

Шу кунларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” дастури лойиҳаси жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштириш юзасидан жўяли ва тизимли таклифлар илгари сурилмоқда.

Қизиқ савол туғилади: қачондан бошлаб иқтисодиёт рангларга ажратиладиган бўлиб қолди? Бирданига жавоб бериш мушкуллигини сездингиз-а!?

Энди эса хаёлингизга “яшил” иқтисодиёт тушунчаси қўлланилаётгани унинг рангларга ажратилганини англатмайди”, деган фикр келди, тўғрими? Майли, ҳозир сўз мазкур атамани ким ва қачон илк бор қўллагани ҳақида эмас. Аксинча, “яшил” иқтисодиётга ўтиш нақадар зарурлиги ва унинг келажак учун долзарб аҳамияти хусусида бўлади.

Иқлим ўзгаришлари ва экологик муаммолар тобора кучлироқ намоён бўлаётган ҳозирги замонда она табиатга таъсирни имкон қадар камайтириш биринчи даражали масала бўлиб турибди. Лекин атроф-муҳитга зарар етказади деб иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ва саноат, геология ва транспорт йўналиш­ларини ҳам тўхтатиб бўлмайди.

Биргина мисол: ҳозирги ҳаётимизни самолётларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо улар учиш ва қўниш вақтида атмосферага жуда катта зарар келтиради. Хўш, нима қилиш керак? Халқона ибора билан айт­ганда, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган йўлини топишдан ўзга нажот йўқ. Иқтисодиёт тармоқларини “яшил” технологиялар негизига қуриш эса ҳозир бирдан-бир энг тўғри ва қулай йўналиш бўлиб турибди.

Яқин ва олис истиқболга қаратилган стратегия устида бош қотирилар экан, “яшил” иқтисодиётга ўтиш масаласига устуворлик берилаётгани ҳам шундан. Модомики, узоқни кўзлаб сиёсат юргизаётган Президентимиз охирги чиқишларининг барчасида, хоҳ у мамлакатдаги тадбир бўлсин, хоҳ халқаро миқёсдаги нуфузли учрашувлар бўлсин, ҳар сафар экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр билдираётгани бежиз эмас.

Масалан, 2021 йилнинг 16-18 декабрь кунлари Жанубий Кореяга давлат ташрифи жараёнида ҳам юртбошимиз ўзаро стратегик шерикликнинг 3 та муҳим йўналишини ривожлантириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Биринчиси – рақамлаштириш, иккинчиси – “яшил” иқтисодиёт, учинчиси – кучли ижтимоий сиёсат. Кўриб турганингиздек, биз танлаган мавзу ҳам ана шу ҳамкорликнинг асосий нуқтасидан жой олган.

Бугун дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган давлатлари, айниқса, Германия ва Сингапурда “яшил” иқтисодиёт бўйича изчил ислоҳотлар ўтказилиб, анчагина ютуқларга эришилаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Жамоатчилик муҳокамасидан ўтаётган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” дастури лойиҳаси ҳам ниҳоятда муҳим ҳужжатлиги билан ажралиб туради. Бир сўз билан айтганда, унда халқимизнинг келажаги ўз аксини топган. Нурли эртамизни эса бизда жадал тараққий этаётган қурилиш ва транспорт каби соҳаларга “яшил” технологияларни жорий этмасдан тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам дастур лойиҳасида мазкур йўналишларга кенг ўрин берилган.

Мисол учун, ушбу соҳаларни қуйидаги босқичларда янада чуқурлаштириб, қонунчилик базаси мус­таҳкамланса, айни муддао бўлар эди:

  1. “Яшил қурилиш” йўналишида соҳада экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш индустриясини ривож­лантириш, инвестиция дастурлари асосида қурилаётган объектларда, айниқса, мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари қурилишида “аcбес”сиз материаллардан, уларни ободонлаштиришда эса “чинор”сиз каштан, сафора, эман ва дуб каби дарахтлардан фойдаланишни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Экологик хавфсизликка оид “эски стандарт”лардан воз кечиш (бугун исталган мактаб ёки мактабгача таълим муассасасида бирорта чинорни кесиб, ўрнига экологик тоза дарахт экмоқчи бўлинса, унга нисбатан базавий ҳисоб­лаш миқдорининг 100 – 150 баробаригача миқдорда маъмурий жарима қўллаш амалиёти мавжуд) хусусида ҳам ўйлаб кўриш керак.

  1. “Яшил транспорт” йўналишида бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада углеводород хом-­ашёси захиралари чегараланганлигини, дизель ёнилғили транспорт воситаларининг атроф-муҳитга чиқараётган зарарли газларининг олдини олиш мақсадида автомобилсозлик саноатида электромобилларга кўпроқ эътибор қаратиш жоиз. Электромобилларга ўтиш бўйича аниқ стратегик вазифалар белгилаб олиниши бу жараённи янада тезлаштириши табиий.

Хусусан, бугун қонунчилигимизда 870380008 ТН ВЭД божхона кодига мансуб электромобиллар бож тўловлари ҳамда йиғимлардан озод қилинган. Мазкур тартибга қуйи­дагича қўшимча ва ўзгартириш киритиш самарадорликни янада ошириши шубҳасиз:

- 870380008 ТН ВЭД божхона кодига мансуб электромобиллар автопилот тизимига эга бўлган тақдирда уларни акциз солиғи, 15 фоизли қўшилган қиймат солиғи ва барча йиғимлардан озод этиш;

- автопилот тизимига эга бўлмаган 870380008 ТН ВЭД божхона кодига мансуб электромобиллар ҳозирги тартибда фақатгина 15 фоизли қўшилган қиймат солиғи тўлашини сақлаб қолиш;

- 870380008 ТН ВЭД божхона кодига мансуб электромобилларни “утилизация” йиғимидан озод қилиш (сабаби – бу мантиққа тўғри келмайди);

- ёнилғи билан юрадиган барча автомобиллар учун божхона тизимидаги жорий қонунчиликни сақлаб қолиш.

Фикримча, бу таклифларни амалга ошириш орқали пировардида қатор ижобий натижаларни кутиш мумкин. Масалан:

- ишлаб чиқарилган даври 2020 йилдан юқори бўлган сифатли, автопилот тизимига эга бўлган электромобилларни ўрта-юқори нарх доираси учун қулай нархларда импорт қилиш имкониятини яратиш;

- автопилот тизимига эга бўлмаган электромобиллар учун 15 фоизли қўшилган қиймат солиғини сақлаб қолиш ва қолган барча солиқ ва йиғимлардан озод қилиш, ички бозоримизда ишлаб чиқарилиши кутилаётган арзон бюджет сегментидаги автомобиллар савдосини соғлом рақобатдан кечмаган ҳолда ўсишини ва импорт чекловини рағбатлантириш;

- 2030 йилгача ёнилғи билан юрадиган автомобилларнинг 80 фоизидан воз кечиш.

Республикамизда ёнилғи билан юрувчи автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводларимизни дунё бозорида рақобатбардош, экспортбоп электромобиллар ишлаб чиқаришга 100 фоиз интеграция қилиш. Жумладан, “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамиятини тўлиқ электромобиллар учун литий ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш.

Мухтасар хулоса шуки, юқоридаги таклифлар “Инсон қадри учун” тамойилига мос келади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­сининг Сайловолди платформаси билан уйғунлигини эса айтмасам ҳам барча сафдошларимиз – электорат вакиллари жуда яхши билишади.

Ғайратжон ТУРҒУНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси бош консультанти

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    856
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Anvarjon2022-01-06 19:09:21

Dolzarb mavzu, fikrlar to'g'ri


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+