Инсон қадри улуғланган юрт

08.01.2022, 12:12

Инсон қадри улуғланган юрт

Президентимиз томонидан жорий йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилди. Албатта, йилга бундай ном берилиши халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилишига, инсон қадрини улуғлаш, маҳаллар ободлигига эришиш, олис қишлоқларда ҳам шаҳар қиёфасини акс эттириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишига ишорадир, деб биламан.

Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бу борада жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади.

Табрикда 2022 йилда иқтисодиётимиз тармоқлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш эътибор марказида бўлиши, аҳоли даромадларини кўпайтириш, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини оширишга қаратилган муҳим ишлар изчил давом эттирилиши айтилдики, бу аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликка барҳам беришнинг энг тўғри ва оқилона йўлидир. Зеро, янги иш ўринлари яратилса, минг-минглаб ёшлар, хотин-қизлар даромад манбаига эга бўладилар.

Президентимиз иш ўринлари яратиш барча даражадаги раҳбарларнинг эътибор марказида туриши кераклигини бежиз бот-бот таъкидламаяптилар. Чунки одамлар ишли бўлса, аҳоли жон бошига даромад кўпайса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унум бўлади. Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бутунлай янги тизим яратилгани ва бу борадаги ишлар изчил давом этаётгани албатта, қувонарлидир. Айниқса, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”нинг жорий этилгани ишсизликка барҳам беришда катта ўрин тутмоқда.

Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистон стратегиясида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, “Фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак – камбағалликни қисқартиришнинг муҳим омили” шиори остида партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. Мамлакатимизда тадбиркорлик ривожланса, янги иш ўринлари яратилса, Юртбошимиз айтганидек, мамлакатимизда 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартиришнинг уддасидан чиқамиз.

Бугунги кунда депутатларимиз, партия ходимлари ҳам ўз иш режаларини тайёрлашда ҳудудлар кесими ва партиямизнинг Сайловолди дастуридан келиб чиқиб барча соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдалар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатдаги етакчи сиёсий куч сифатида аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим устуворлиги сифатида ишсизлик даражасини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган байрам табригида юртимизни янада обод қилиш, замонавий уй-жойлар, жумладан, барча ҳудудларимизда “Янги Ўзбекистон массивлари”ни қуриш асосий вазифаларимиздан бири бўлиши, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон ва мазмунли бўлиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилишини билдирди. Бу ўз навбатида, халқимизнинг уй-жойга бўлган доимий ўсиб бораётган талабини қондириш, эртанги кунимиз, фаровон ҳаётимиз сари қўйилган муҳим қадамдир.

Айниқса, Ватан ичра кичик ватан ҳисобланган маҳаллаларнинг ободлиги, гўзаллиги ва кўркамлиги учун биз, депутатлар ҳам ўз сайлов ҳудудимизда ичимлик суви, ички йўлларни тартибга келтириш, эскирган электр симёғочларини янгиларига алмаштириш каби масалаларга жорий йилда ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Боиси маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Озод ва обод юртнинг фуқароларида ҳамиша шукроналик кайфияти зоҳир бўлади.

Раҳматулло КАМОЛОВ,

O'zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+