Тараққиёт стратегияси – фаол ташқи сиёсат олиб боришнинг дастуриламалидир

10.01.2022, 12:22

Тараққиёт стратегияси – фаол ташқи сиёсат олиб боришнинг дастуриламалидир

Президентимизнинг  “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармони лойиҳаси айни кунларда кенг жамоатчилик томонидан юксак ишонч, хайрихоҳлик билан муҳокама этилмоқда. Фармонда келтирилган барча соҳаларда реализациялаштириш белгилаб берилган муҳим ташаббус, ислоҳот, рақамлар, стратегик ривожланиш босқичлари эътиборга моликдир.

Ушбу тарихий фармонда барча соҳалар қатори мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган кенг кўламли мақсад ва вазифалар белгиланмоқда.

Хусусан, мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада ҳамкор мамлакатлар билан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, улар билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамда турли даражадаги маслаҳатлашувларни ташкил этиш, йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда умумжаҳон миқёсидаги ташаббусларини илгари суриш мақсади қўйилмоқда.

Яна бир муҳим вазифалардан бири Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишдир. Бунинг доирасида Марказий Осиё давлатлари билан олий даражадаги мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликнинг барча форматдаги механизмлари асосида йиғилишларни ташкил этиш, Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ишларини бошлаш каби қатор муҳим масалаларга урғу берилади.

Шунингдек, фармонда мамлакатимизнинг ташқи алоқалари географиясини кенгайтириш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш, БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Тараққиёт стратегиясида Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш, ушбу тузилмаларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шундан келиб чиқиб, авваламбор, парламент қуйи палатаси, халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда фаолиятини янада ҳам жонлантириши давр талабидир. Халқаро миқёсидаги масалаларни ечишда парламент дипломатияси катта ўрин тутиши инобатга олиб, парламент дипломатиясини кучайтириш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масалаларида ҳар йиллик дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш амалиётини жорий этиш каби масалалар муҳим ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, чуқур таҳлил ва кенг жамоатчиликнинг фикри асосида маромига етказилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги устувор вазифалар мамлакатимиз ташқи сиёсасатида янги босқични бошлаб беради.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+