Тараққиёт стратегияси: халқимиз бахту саодати, турмуши фаровонлиги учун хизмат қилади

27.01.2022, 16:19

Тараққиёт стратегияси: халқимиз бахту саодати, турмуши фаровонлиги учун хизмат қилади

Инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш – энг муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ўтган йилги Президент сайловида “Инсон қадри учун”, “Давлат – инсон учун” деган ғояларни илгари сурган эди. Уларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, аҳолининг фикр ва таклифлари асосида 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

7 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаддан иборат Тараққиёт стратегияси жамиятимизнинг ҳар бир қатламида, барча ҳудудларда катта қизиқиш билан муҳокама этилгани айни муддао бўлди. Чунки очиқ муҳокамалар жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар олинган. Улар таснифланиб ва умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ ташаббуслар билан тўлдирилган.

Эътибор беринг, Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир кўзда тутилган. Демак, барча саъй-ҳаракатлар ва маблағлар ҳар бир маҳаллага аниқ етиб бориши, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши лозим. Йиғилишда бу бўйича алоҳида вазифалар қўйилдики, уларни ижросини таъминлашда барча даражадаги раҳбарлар, жумладан депутатлар ҳам фаол ва ташаббускор бўлишлари керак.

Бугун эскича ёндашувлар, услублар билан ишлаб бўлмаслиги барчага яхши аён. Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиёт ҳажмини 2,5 баравар кўпайтириб, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 500 млн. долларга етказиш белгилангани мамлакатимизнинг бу йўналишда илғор давлатлар сафида бўлишини таъминлайди.

Стратегияда белгиланган вазифалар билан танишар эканмиз, унинг ҳар бир бандида юртимизда яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланганига, бу миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беришига ишонасан киши. Мазкур ҳужжат  “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ишлаб чиқилгани алоҳида эътиборга молик.

Мазкур ҳужжатда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 баравар кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 баравар қисқартириш режалаштирилган.

Янги Ўзбекистон стратегиясида аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқдаки, бу билан ижтимоий хизматларнинг сифати яхшиланган ҳолда, кўлами кенгайтирилади.

Аниқ йўналтирилган, манзилли чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳаётий тажрибада исботланган. Шу маънода шароити “оғир” бўлган 14 та туманда тадбиркорликни ривожлантириш учун пасайтирилган солиқ ставкаларини ўрнатиш мўлжалланаётгани айни муддаодир.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши мўлжалланаётган ислоҳотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молик. Шунинг учун бу борада, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш мақсади қўйиляпти.

Сув ресурсларини бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилиниши
ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурининг бажарилиши эса аграр соҳа вакилларининг меҳнати самарадорлигини янада оширади.   Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдони ҳажми ва иссиқхоналар сонини кескин кўпайтиришга ҳам эътибор берилган.

Мухтасар айтганда, яхши ниятлар билан марра жуда баланд олиняпти. Одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар янада қизғин ва жадал тус оляпти. Янги, демократик жамиятни барпо этиш, келажак пойдеворини қуриш, ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиздан қатъиятли ва ташаббускор бўлишни, янгича фикр юритиш, янгича ишлашни талаб этмоқда.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    217
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+