Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш анча қийинлашади

08.02.2022, 14:55

Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш анча қийинлашади

«Йўл азоби-гўр азоби»- деган мақол бугунги кунда ўз аҳамиятини йўқотаётгандек, назаримда. Сабаби узоқ масофага йўлга чиқмоқчи бўлсак қадимгидек от-арава ёки пиёда эмас, даврнинг шиддатли автомашиналарида ёки транспортнинг бошқа турларидан фойдаланаяпмиз. Бир кунда мамлакатимиз пойтахтига бориб келиш энди бизга “чўт эмас”. Тобора такомиллашиб бораётган уловлар ва яхшиланиб бораётган йўлларимиз ҳам “гўр азоби”ни ёдимиздан чиқараяпти.

Бироқ, бугунги кунда шу учқур автоуловларни ким бошқараяпти, уларнинг автоуловларни бошқариш салоҳияти шу уловга қанчалик мос, автоуловларни бошқариш бўйича ҳуқуқ бераётган таълим муассасаларининг аҳволи, моддий техник ҳолати кабилар талабга жавоб бераяптими, деган саволлар ҳаммамизни қийнамоқда. Боиси ҳар куни содир этилаётган  автофожиалар ва шу фожиаларда ҳалок бўлаётган юртдошларимиз сони кўплиги бизни ташвишга солмоқда.

Халқ тили билан айтганда “права” берувчи муассасаларда таълим жараёни коррупция урчиган масканга айланиб қолганлиги ҳам айни вақтда сир эмас. Давлатимиз раҳбари ўтган ой охирида ўтказган йиғилишида шу муаммони илдизи ҳақида қуйидаги сўзларни айтдилар:

- Шу ўринда, бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Мана биз ўқиганмиз, уч йил ўқитарди. Ҳозир 3 ой ўқияпти, яна бормасдан гувоҳнома оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми? Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Агар биз ўзимиз тан олмасак, чора кўрмасак, давом этаверади.

Куйинчаклик  билан айтилган бу сўзлар ўз вақтида тан олишимиз шарт бўлган айбимиздир.

Яқинда Тошкент шаҳрида Янгиҳаёт туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топшириш ягона маркази очилди. Ҳаммаси тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, эндиликда "права" олиш анча қийинлашади. Мақсад ҳам битта, у ҳам бўлса коррупцион ҳолатларга чек қўйиш, ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини тўлиқ тушиниб етишлари, турли автоҳалокатларни олдини олишга қаратилгандир.  

Ушбу тажриба синови тариқасида очилган ягона марказни республикамизнинг барча туманларида ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Бу орқали эса йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ва ҳайдовчиларни ўқитиш тизимидаги коррупцион ҳолатларни олдини олишга,  таълим олувчи фарзандларимиз тўлиқ ўқув машғулотларида қатнашиши, натижада содир этилаётган аварияларнинг олдини олишга ва қисқаришга эришган бўламиз.

М.Эшниёзов,

Халқ депутатлари Навоий вилоят

Кенгаши депутати, O'zLiDeP

депутатлик гуруҳи аъзоси.

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+