Коррупцияга қарши курашда энг самарали восита – жамиятда бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш

18.02.2022, 17:23

Коррупцияга қарши курашда энг самарали восита  – жамиятда бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш

Аввал хабар берилганидек, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг “Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш” устувор йўналиши бўйича ЎзЛиДеП депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ўз фаолиятини бошлади. 

Барчамизга аён, коррупция ҳам бутун инсониятни ташвишга солаётган муаммолардан саналади. Жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида мамлакатимиз ҳам бу иллатга қарши курашдан четда туромайди, албатта. Бинобарин, давлат дастурида бу йўналишда аниқ мақсадлар, чора-тадбирлар  белгиланган. Шу ўринда қайд этиш зарурки,  кеча Президентимиз  божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Давлатимиз раҳбари божхона тизимини коррупциядан холи қилиш энг устувор вазифа эканини, бу соҳа бошқа давлат идораларига намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

Давлат дастуридан ўрин олган тегишли вазифалар бажарилишига кўмаклашиш учун ишчи гуруҳ бугун “Коррупцияга қарши курашиш амалиётига тизимли превентив чораларни кучайтириш” мавзусида мулоқот ташкил қилди. Тадбирда республикамизда коррупцияга қарши курашишга масъул идоралар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия тузилмалари ходимлари, талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Нодира Самандарова   коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан амалий чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг зарурати, бундай ёндашувнинг нечоғли самарадорлиги тўғрисида атрофлича сўз юритди. Унинг айтишича, таъмагирликка қарши курашда энг самарали восита  жамиятда бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдир. Бошқача ифодалаганда, ҳар бир юртдошимиз бу иллатга қарши, аввало, ўзи курашиши, таъмагирликнинг ҳар қандай кўринишига тоқатсиз бўлиши зарур.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши аъзоси, Тошкент шаҳар кенгаши депутати Бобур Расулов, айниқса, давлат ташкилотлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, депутатлар бу борадаги ишларга ҳар томонлама кўмаклашиши кераклигини билдирди.

Парламент қуйи палатасидаги фракциямиз аъзолари Бахитбой Алдамуратов, Дилбар Усмонованинг коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратини олиб боришни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлари ҳам қатнашчиларда қизиқиш уйғотди.

Мулоқотнинг бошқа иштирокчилари ҳам коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган асосли таклифлар, ғояларни ўртага ташладилар. Таклифлар сараланиб, умумлаштирилиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тақдим этилишига келишиб олинди.   

Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими,

ишчи гуруҳ аъзоси

  • Кўрилди
    648
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+