Етиштирилган 113 миллионта кўчат, ер сотиб олаётган айрим одамларнинг номақбул ишларига чек қўйиш бўйича таклиф...

16.12.2022, 15:40

Етиштирилган 113 миллионта кўчат, ер сотиб олаётган айрим одамларнинг номақбул ишларига чек қўйиш бўйича таклиф...

O'zLiDeP ишчи гуруҳи давлат дастурининг 81-мақсадида баён этилган вазифалар бажарилиши таҳлил қилинган мулоқот ўтказди

Дарахтларнинг ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти беқиёс: ҳавони мусаффо қилади, салқинлик бахш этади, япроқлари чангни тутади,   илдизлари тупроқни мустаҳкамлаб, сувни тозалайди, жойларга кўрк беради, меваларини бизга ҳадя қилади...  Бинобарин, айниқса, кейинги йилларда давлатимиз дарахтзорлар, бутазорларни кўпайтиришга алоҳида эътибор беряптики, бу саъй-ҳаракатлар “Ислоҳотлар халқ учун, ҳар бир инсон учун” деган эзгу ёндашувнинг яна бир тасдиғидир.

Соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган  меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг 81-мақсади 296-бандида ҳам бу борада аниқ вазифалар белгиланган.  Мазкур  вазифалар бўйича ҳам жамоатчилик назоратини олиб борувчи O'zLiDeP депутатлари, фаолларидан иборат ишчи гуруҳ Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассислари иштирокида  давра суҳбати ташкил қилиб, чора-тадбирлар бажарилишини таҳлил қилди.   

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари институтида ўтказилган ушбу тадбирда Қибрай туман кенгашига O'zLiDePдан сайланган депутатлар, маҳаллалар фаоллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия ишчи гуруҳи аъзоси Дилбар Усмонова мазкур йўналишда ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар яратаётган имкониятлар, ниҳоллар экиш умумхалқ ҳаракатига айланишининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.  Муҳтарам Президентимиз кўплаб тадбирлар,  жумладан, Самарқанд шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилиши, Туркий давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилиши доирасида ҳам кўчат ўтқазганлари, бундан барчамиз ибрат олишимиз, юртимиз боғ-роғларга айлантирилишида ҳар биримиз фаол қаташишимиз зарурлигини таъкидлади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Зафар Эшонқулов, бошқарма мутахассиси Давронбек Равшанов давлат дастуридаги вазифалар бажарилиши бўйича маълумот беришди.

Ўрмонзорларни кенгайтириш ва кўчатхоналарни ташкил этиш мақсадида 1 минг тонна чўл ва бошқа турдаги дарахт ва буталарнинг уруғлари жамғарилди. 2017 йилгача 40 турдаги 51 млн. дона кўчат етиштирилган бўлса, жорий йилда кўчатхоналар майдони 1,2 минг гектарга етказилиб, 70 турга яқин 113 миллион дона ниҳол етиштирилди.

Эътиборлиси, соҳа олимларининг тавсиялари асосида ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос, сувсизликка чидамли дарахт кўчатларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Кузги кўчат экиш мавсумида ўрмон хўжаликлари томонидан  талабгорларга 13,4 млн. туп кўчат етказиб берилди. 2023 йил баҳор мавсумида эса 22 млн. дона кўчат етказиб берилади.

Мактаблар атрофини кўкаламзорлаштириш учун ўрмон хўжаликлари томонидан бугунги кунга қадар 78 минг дона ҳамда мактабгача  таълим муассасаларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 5 минг дона кўчат бепул етказиб берилгани, ўрмон хўжалиги мутахассислари агротехник тадбирлар асосида экиш ишларига  ёрдам берганликларини ҳам қайд этиш жоиз.

Шунинг баробарида Орол денгизининг суви қуриган тубида 107 минг гектар, Навоий вилоятининг чўл-дашт ҳудудларида 50 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар ва Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этиш ишлари бажарилди.

Бундан ташқари, ўрмон фондининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида 2,2 минг гектар майдонда ёнғоқмевали ўрмонзорлар барпо этилди.

Масалан, Чорвоқ сув омбори яқинидаги 101 гектар ер майдонида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиб, жами 80 минг 100 дона, Зомин туманининг тоғолди ҳудудларидаги 232 гектар майдонда жами 90 минг 200 дона, Самарқанд шаҳри Чўпонота массивидаги 150 гектар майдонда жами 75 минг дона бодом, ёнғоқ, қрим қарағайи, шарқ туя,  виргин арчаси, наъматак каби дарахтлар кўчатлари экилди. Бўстонлиқ туманига киришда “яшил ҳудуд” барпо этилиб, иқлим шароитга мос 7 минг дона қрим қарағайи, бодом кўчатлари экилди.

Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари четларида
110 та объектда 2,5 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилгани ҳам диққатга молик.

Мулоқотда иштирокчилар ўз саволларига муфассал жавоблар олдилар. Талай таклифлар ҳам ўртага ташланди. Мисол учун, "Аҳиллик” МФЙ раиси Шуҳрат Ҳусанов ер участкалари сотиб олаётганлар дарахтларни йўқ қилаётгани, бунга йўл қўймаслик учун тегишли тартиб-таомилларга ўзгартиришлар киритиш кераклигини билдирди.

Шу ва бошқа асосли таклифлар парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракциясига тақдим қилинишига келишиб олинди.  

Беҳзод Исроилов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходими,

 ишчи гуруҳ аъзоси

  • Кўрилди
    770
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+