Ишчи гуруҳ ҳудудда: Қашқадарёда таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди

25.02.2022, 15:37

Ишчи гуруҳ ҳудудда: Қашқадарёда таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди

Қарши шаҳридаги “Ёшлар маркази”да «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг 37-53 йўналишлари ижросини таъминлаш мақсадида “Мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш, мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Ушбу очиқ мулоқот Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда  ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят ҳалқ таълими масъул ходимлари, мактаб директорлари ҳамда ўқитувчилар иштирок этишди. 

Тадбирни O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Арзиқул Шеров очар экан, бундай очиқ мулоқотларни ташкил этишдан кўзланган мақсад бевосита таълим жараёнининг ичида юрган ўқитувчилар фикрларини тинглаш, таклифларини эшитиб, зарур хулосалар чиқаришга қаратилганини айтиб ўтди.

-Педагог-кадрлар билим ва малакасини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси бўлиб турибди,- деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Гулшана Худоёрова. – Бугун ўқитувчилар билан дилдан, очиқ мулоқот қилиб шу нарсага амин бўлдимки, биз янги қонунлар ишлаб чиқишда биринчи галда мактабларга кириб боришимиз, ўқитувчилар дилидаги фикрларга таянишимиз лозим экан. Очиқ мулоқотда яна шу нарса аён бўлдики, мактабларда билимли ўқитувчилар кўп, шу билан бирга ўз соҳасини чуқур билмайдиган, мактаб ва таълимдан узоқ соҳа вакиллари ҳам ўқитувчи бўлиб юрибди. Ёки мулоқотда айтилганидек, ўқувчи билимини назорат қилишда ота-она мажбуриятини ҳам кучайтириш керак. 

Шунингдек, очиқ мулоқотда ўқитувчилар имиджини яратиш, ўқитувчи ахлок кодексини ишлаб чиқиш, ўқитувчини ишга олишда талабни кучайтириш, ўқитувчи сифат кўрсаткичларини доимий назорат қилиб бориш, мансабдорнинг яқин қариндоши бўлган ўқитувчилар ўз устида ишлашида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, мактабда учинчи шахс аралашувига йўл қўймаслик каби масалалар ўртага ташланди.

Билдирилган таклифлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг  Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида кўриб чиқилиши учун қайд этиб борилди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    877
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+