Ангорда ишга тушириладиган иссиқлик электр станцияси 500 минг хонадонни нурга тўлдиради

25.03.2022, 17:57

Ангорда ишга тушириладиган иссиқлик электр станцияси 500 минг хонадонни нурга тўлдиради

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берилди. Албатта, бу хушхабар бутун сурхондарёлик воҳадаошларимизни қувонтирди. Чунки бу воҳа иқтисоди ҳамда энергетикасида ўзгариш ҳосил қила оладиган катта лойиҳа бўлди.  Унинг қиймати 1 миллиард 200 миллион долларга тенг.

Лойиҳа Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “ЕDF”, Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.

Мазкур ИЭС 2024 йилнинг охирида ишга туширилиши режалаштирилмоқда, ишга тушгач эса 1 минг 560 мегаватт қувват яратилади. Бу йилига 12 миллиард киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, дегани. Лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар ўрнатилиб, йилига 1 миллиард куб метр табиий газ ҳам тежалади.

Мана шу рақамларнинг ўзиёқ унинг қанчалик фойдали эканлигини англатиб турибди. Ваҳоланки, ушбу мажмуа  Сурхондарёдаги биринчи, охирги йилларда юртимизда барпо этиладиган энг йирик иссиқлик электр станцияси бўлади. Бу ҳудуднинг чексиз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга катта имкониятлар яратади.

Масалан, Сурхон воҳаси нефть, газ, кўмир, қимматбаҳо ва рангли металлар, кўп турдаги безак тошлар каби 100 дан ортиқ конларга эга бўлса-да, улар етарли даражада ўзлаштирилмаган. Шунинг учун келгуси беш йилда айнан бизнинг вилоятда 7 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Натижада қанча ишсиз воҳадошларимиз иш ўрнини топади.

Янги барпо этиладиган ИЭСнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда ишлаб чиқарилган электр энергияси воҳадаги 500 минг хонадонни ҳам нурга тўлдиради. Бундан ташқари, қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт-соат электр энергиясини экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Тўпаланг дарёсидаги Зарчоб-1, Зарчоб-2 ГЕСларининг ишга туширилиши воҳанинг шимолий ҳудудидаги аҳолини электр энергияси билан мунтазам таъминлашга имконият яратди. Бу воқеага ҳам кўп бўлгани йўқ. Эндиликда қурилажак станция ҳам қишда электр энергияси тақчиллигидан қийналадиган айрим ҳудудлар аҳолиси учун айни муддао бўлади.

Алишер Рўзиев,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси,

вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    382
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+