Таълими ривожланган юрт қудратли бўлади

07.04.2022, 15:51

Таълими ривожланган юрт қудратли бўлади
Мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир.

Шу боис, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида илм-фанни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, таълим тизимига юқори самарали халқаро амалиётни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.
 
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилди, узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди, уларга қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Бу ўз навбатида, олис ҳудудларда таълим сифатини янада оширишга хизмат қилаётир.

 

Албатта, соҳада олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Лекин соҳада эришилган натижалар билан бирга ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам бор. Бу бугунги муаммолар эмас, йиллар давомида тўпланиб қолган ўз ечимини кутаётган масалалардир.

Президентимиз раислигида шу йил 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда ушбу соҳада учраётган муаммолар аниқ мисоллар асосида тилга олинди. Хусусан, мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун республикамиздаги барча мактабларда таълим сифати қониқарли аҳволда деб бўлмайди. Ҳудудлардаги учрашувларимиз давомида бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Агар таълим қаерда улуғланса, ўша ерда ривожланиш бўлади, таълим сифати ўзгаради, ёшлар юқори билим ва малакага эга, рақобатбардош кадрлар бўлиб етишади.

Хулоса қилиб айтганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни эшитиб Ўзбекистонда таълим соҳасида катта ўзгаришлар бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Шундай экан, бу жараёнда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим. Зеро, таълими ривожланган юрт қудратли бўлади.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+