Чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари тегишли корхоналарда, амалиётчилар билан муҳокама қилинди

08.04.2022, 15:51

Чиқиндиларни қайта ишлаш  масалалари тегишли корхоналарда, амалиётчилар билан муҳокама қилинди

Шу йил 6 апрелда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  масалалари қўмитаси, O'zLiDeP фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамкорлигида “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини такомиллаштириш” мавзуида семинар ўтказилди. Пойтахтимизнинг Яккасарой ва Яшнобод туманларидаги “Махсустранс” ДУКка қарашли чиқиндиларни қайта юклаш, утилизация қилиш станциясида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда манфаатдор ташкилот ва муассасалар вакиллари, шунингдек, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг олтинчи устувор  йўналиши бўйича партиямиз фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳам қатнашди.  

Тадбирнинг биринчи қисмида иштирокчилар корхона фаолияти,  маиший чиқиндиларни қайта юклаш, саралаш технологиялари билан бевосита танишди. Сўнгра фракциямиз вакиллари қонун лойиҳаси тўғрисида сўз юритдилар. Қайд этилганидек,  лойиҳада мазкур соҳада бозор механизмини ривожлантириш, инвесторларга қулай имкониятлар, хусусан, солиқ, божхона имтиёзлари ва преференцияларни жорий қилиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, қурилиш, тиббиёт ва бошқа чиқиндилар  билан боғлиқ асосий экологик талаблар белгиланяпти.

Соҳага бозор механизми жорий этилишига қаратилган нормаларни кучайтириш, хизмат кўрсатувчи инфратузилманинг ҳуқуқларини белгилаш, айрим қадоқлаш маҳсулотларига экологик йиғим жорий этишнинг ҳуқуқий механизмига аниқлик киритиш масалаларида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбир ниҳоясида иштирокчилар “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида станциялар ҳудудида 500 га яқин манзарали  кўчатлар ўтқаздилар.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тадбирларнинг ана шундай форматда ўтказилиши тегишли қонунларнинг пухта ишлаб чиқилишига имкон яратади.  

Бахитбай Алдамуратов,

Дилбар Усманова,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутатлари,

ишчи гуруҳ аъзолари

  • Кўрилди
    566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+