Натижа ёмонмас, самарани кўрамиз

21.04.2022, 14:23

Натижа ёмонмас, самарани кўрамиз

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –  Ўзбекистон Либерал- демократик партиясининг қуйи бўғинларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари якунланди.

2022 йилнинг 15 февралидан 15 апрелига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида O‘zLiDePнинг таянч тузилмаларида анъанавий ҳисобот-сайлов тадбирлари танқидий таҳлил тарзида ўтказилди. Унда бошланғич партия ташкилоти (БПТ) раисларини сайлаш, бир йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиш, фаоллиги сезиларли даражада бўлмаган қуйи бўғинларни кучайтириш, йўл қўйилган хато ва камчиликлар сабабларини ўрганиш, партия сайловолди платформасида илгари сурилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда янги иш режалар белгилаб олиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

“Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлаш бўйича партиянинг “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар кесимида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари вакиллари ва мутахассис-экспертлардан иборат таркибда республика бўйлаб тузилган ишчи гуруҳларнинг мингдан ортиқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари ҳам ҳисобот-сайлов йиғилишлари кун тартибига киритилгани бежиз эмас.

Жорий йил 15 апрель ҳолатига 13 506 та БПТда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилиб, уларда 603 657 нафар партия фаоллари иштирок этди. 1 336 та БПТ фаолияти танқидий баҳоланди ва янги раислар сайланди. 12 170 та қуйи бўғинда ўз фаолияти билан йил давомида ўрнак-намуна кўрсатган раислар қайта сайланди.

Очиқ мулоқот тусини олган ҳисобот-сайлов йиғилишларининг 636 тасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бевосита қатнашишди. Шунингдек, 6 732 та тадбирда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари иштирок этгани ҳам диққатга сазовор.

Кези келганда, ҳисобот-сайловлар статистикасига ҳудудлар кесимида ёндашиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмаслиги табиий. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги 1 010 та БПТда 73 та қуйи бўғинда янги раис сайланди. Андижон вилоятида 761 та йиғилишга 35 907 нафар партия фаоли жалб этилди. 38 та қуйи бўғинга янги раис сайланди. Бухоро вилоятидаги 823 та БПТнинг 26 тасида янги раис сайланди. Жиззах вилоятида 862 қуйи бўғиннинг 43 тасида бошчи ўзгарди. Қашқадарё вилоятида кам эмас, 1 084 та БПТ бўлса, шунинг 132 тасида раҳбар алмашди. Навоий вилоятидаги 752 та БПТнинг 36 тасида бошқа раис сайланди. Наманган вилоятида эса 1 001 та бошланғич партия ташкилоти раислари фаолияти кескин танқидий баҳолангани учун юқори кўрсаткич, яъни 320 тасида ўзгариш содир бўлди. Самарқанд вилояти БПТлар сони бўйича пойтахтдан кейинги ўринда – 1 325 та! Очиқ мулоқотлар якунида 174 та қуйи бўғинга янги раис сайланди. Худди шундай тадбирлар Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилгани ва уларда асосий эътибор сон эмас, сифатга қаратилгани хусусида олдинги чиқишимизда хабар берган эдик.

Мухтасар айтганда, ҳисобот-сайлов йиғилишларининг пойтахтимиздаги натижалари ҳам чакки эмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зотан, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 1 406 та БПТнинг аксарияти яхши баҳоланди. Фақат 18 тасининг иши танқид қилиниб, уларни жонлантириш учун ёш ва шижоатли янги раислар сайланди.

Умиджон АБДУРАҲМОНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Бошланғич партия ташкилотлари

билан ишлаш сектори мудири

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+