Хизмат кўрсатиш марказлари 5 йилга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

21.04.2022, 15:08

Хизмат кўрсатиш марказлари 5 йилга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “маҳаллабай” ишлаш тизими биринчи навбатда, аҳолининг энг қуйи қатлами билан ишланиши натижасида уларни ишли қилиш, оилавий даромадини кўпайтириш ва шу йўл орқали яшаш фаровонлигини яхшилаш назарда тутилган. Жумладан, ҳоким ёрдамчилари лавозимининг таъсис этилишидан ҳам кўзланган мақсад шу. Фақат тизимга энди ўтилаётгани боис, унда камчиликлар кузатилиши мумкин. Уларни бартараф этиш, қолаверса, иш самарадорлигини қатъий назорат қилиш ҳам айни пайтдаги долзарб масала ҳисобланади.  

19 апрель куни Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу масалалар ўртага ташланди. Хусусан, маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида урғу берилди.

Албатта, бунга эришиш учун ҳудуд иқтисодиётини кўтариш лозим. Бунда кўпроқ тадбиркорлар сонини ошириш яхши натижа беради. Шу боис, яқинда тадбиркорликни ривожлантириш учун 500 миллион доллар ва 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши белгиланди. Айни пайтда тадбиркорларни энг безовта қилаётган солиқ маъмурчилиги, текширувлар, рухсатномалар тартиби енгиллаштирилди.

Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. Айтиш керакки, улар уч ой давомида 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 та тоифага ажратган. Хонадонларнинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 36 фоизи ўзига тўқ оилалар экани аниқланган. Шунга қараб, маҳаллий раҳбарлар фаолияти манзилли ташкил этилиб, минглаб фуқароларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашилган.

Шу уч ойда ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилган. Натижада жойларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилган, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилган. Албатта, бу натижаларга эришиш осон бўлмаяпти. Ҳоким ёрдамчилари бунинг учун меҳнат қилишаётир. Уларнинг меҳнати эса рағбатсиз қолмайди. Давлатимиз раҳбари ҳам шу сабаб йиғилишда энг яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини мукофотлашга кўрсатма берди.

Аммо, камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Айрим маҳаллаларда ҳали-ҳануз натижа сезилмаяпти. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай “қониқарсиз” деб баҳоланган маҳаллалардаги ҳолатни яхшилаш учун эса бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобидан 800 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Республикамизда 2 минг 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади. Қолаверса, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларда 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин. Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини эса маҳалланинг ўзида кенгайтирса бўлади. Президентимиз шу мақсадда бундай маҳаллаларда микро саноат марказлари ташкил этиш ташаббусини маъқуллади. Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилиши, ушбу марказлар 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши белгиланди.

Юртимизда 2 мингдан зиёд маҳалла хизматлар соҳасига ихтисослашган. Бундай ҳудудларни кўпайтириш мақсадида, аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллаларда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу марказлар ҳам 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Бу эса ҳам соғлом рақобатни шакллантириб, хизмат кўрсатиш сифатини оширибгина қолмай, одамларни ҳам ишли қилишда қўл келади.

Ушбу яратилаётган имкониятдан фуқароларимиз ҳам унумли фойдаланишни, ўз ҳаётини, турмуш тарзини яхшилаш учун озгина бўлсада ҳафсала билан меҳнат қилишни ўрганишлари лозим. Шунда тизим яхши йўлга қўйилади ва у ҳам давлатга, ҳам аҳолига фойда келтиради.

Алишер Рўзиев,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси,

вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+