1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади

12.05.2022, 17:58

1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади

Сўнгги вақтда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 долларга кўтарилди ва йил бошига нисбатан нархлар 30 фоизга ошди.

Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурати туғилмоқда.

Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб бўлиб ўтган селектор йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётгани қайд этилди. Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда, 1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилди.

Фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқаради. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўрт́адаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.

Президент замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларини қоплаб бериш бўйича кўрсатмалар берди.  Вилоят ҳокимлари ун ва ун маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан ва четдан олиб келиб, бозорда маҳсулот тақчиллигига йўл қўймаслик ва нархлар барқарорлигини таъминлашга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги қайд этилди.

Ўйлаймизки, фермерларимиз учун яратиб берилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, уларнинг меҳнатини қадрлаган ҳолда тўлиқ қўллаб-қувватланиши аҳолимизнинг сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминланишига, бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    562
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+