Ер усти метроси қурилиши ҳам “Инсон қадри учун” ғоясининг амалдаги ифодасидир

09.06.2022, 11:19

Ер усти метроси қурилиши ҳам “Инсон қадри учун” ғоясининг амалдаги ифодасидир

Президентимиз кеча Тошкент ер усти халқа метро линиясининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўрди. Олиб борилаётган ишлар сифатини кўздан кечирди.  Давлатимиз раҳбари метро ҳаракатининг таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқаришига қаратилган таклифларни маъқуллади, маҳаллалар аҳолисининг метрога келиб-кетиши учун қулайликлар яратиш, бекатлар ёнида авто ва велотураргоҳлар ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Президентимизнинг мазкур қурилишга ташрифи  муносабати билан баъзи фикр-мулоҳазаларимизни баён этишни жоиз топдик.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли йирик қурилишлар кетяпти, улкан объектлар барпо этиляпти. Лекин пойтахтимизда бунёд этилаётган ерусти метроси катта қурилишлар ичида энг каттаси, мислсиз бунёдкорлик намунасидир. Фикримизча, барча юртдошларимиз ҳам мазкур қурилишнинг салмоғи, улкан аҳамиятини равшан тасаввур қилолмаяпти. Ваҳоланки,  метрополитен ноёб транспорт воситаси бўлиб, унинг қурилиши ҳам ғоят мураккаб, шунга яраша катта масъулият, ақлий салоҳият ҳамда молиявий ресурсларни  талаб қилади. Шунинг учун ҳам ҳозир жаҳондаги 200 дан зиёд мамлакатларнинг 71 тасидагина метро хизмати йўлга қўйилган. Мазкур транспорт тури изчил ривожланаётган давлатлар қаторида турганимиз бизга ифтихор бағишлайди.

Мазкур қурилиш Ўзбекистон  бунёдкорлик жабҳасида ҳам бой тажрибага эга, иқтисодий салоҳияти юксак давлат эканлигини амалда намоён қилмоқда. Қайд этиш керакки, соҳа ходимларига осон бўлмаяпти: қурилиш олиб борилаётган жойлардаги автомобиль йўллари, тирбандликлар, йўналишдаги бурилишлар, аҳолининг гавжумлиги, айрим кутилмаган қийинчиликлар...  Бироқ темирйўлчилар бу каби қийинчиликларни енгиб ўтишяпти.

Пандемиядан кейинги ва ҳозирги иқтисодий қийин шароитда ижтимоий лойиҳаларга пул ажратадиган давлатлар жуда кам. Эътиборлиси, мамлакатимизда одамларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишга қаратилган хайрли ишлар бир зум тўхтагани йўқ. “Инсон қадри учун” ғояси бу жабҳада ҳам рўёбга чиқмоқда. Зеро, ер усти метросининг аҳолига нафи жуда катта. Пойтахтимизда автомобиллар сони кундан-кунга ошиб, тирбандликлар кўпайяпти. Ишлатилаётган бензин, газ ҳавонинг ифлосланишига  сабаб бўляпти. Ерусти метроси эса арзон, қулай ва хавфсиз. У шаҳардаги тирбандликларни камайтиради, йўловчилар вақтини тежайди.

Мухтасар айтганда, ер усти метроси халқ манфаатлари кўзланиб қуриляпти.

Дилшод ШОУМАРОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+