Ижтимоий давлатда - ижтимоий тафовутлар бўлмайди

20.06.2022, 16:43

Ижтимоий давлатда - ижтимоий тафовутлар бўлмайди

Биласизми, сайёр қабулларда одамлар билан мулоқот қиларканмиз, баъзида отасининг ва ёки акасининг судлангани учун ишидан айрилган ва ёки ўзи истаган йўналишда фаолият юрита олмаётган фуқаролар ҳам масаласини ҳал қилиб беришни сўраб, мурожаат қилишади. Афсуски, бу каби мурожаатларнинг аксариятини ижобий ҳал этиш анча мушкул кечган. Шунчаки қонунларимизда айни шундай бандлар йўқлигини тушунтириш билан чекланган пайтларимиз ҳам бўлган.

Давлатимиз раҳбарининг 20 июнь куни ўтказган йиғилишида Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича билдирган таклифлари орасида айнан мана шу муаммоли ҳолатга ҳам тўхталгани айни муддао бўлди. Ахир бир жиноят учун бутун бир авлоднинг жавоб бериши, яқин қариндошлари судланган деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик бу инсонга қилинган адолатсизликдир. Шу боис, Ш.Мирзиёев Конституциямизга “Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас”, деб қатъий ёзиб қўйишимиз керак, дея таъкидлади.

Йиғилишда яна бир масала, “прописка” муаммоси тилга олинди. Тўғри, одамларимизни, уларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун йўллардаги назорат постлари, “прописка”, деган нарса йўқ қилинди. Бироқ, келгусида ҳам бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши, ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим. Бу ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги, унинг кафолатлари айнан Конституция даражасида мустаҳкамланиши керак, деди президент.

Қолаверса, Асосий қомусимизга ижтимоий давлат деган тушунчани киритиш кераклигига урғу бердилар. Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир. Бу муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади.

Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир.

Ушбу масалалар ҳар биримиз учун ўта муҳим ҳаётий зарурат эканлиги сир эмас. Айниқса, муносиб меҳнатга яраша ҳақ олиш, барча учун тенг имкониятлар яратилиши бу адолат механизмига хос бўлган тушунчалардир. Мамлакатда яшаётган кўплаб фуқароларни қийнаётган, ўйлантираётган оғриқли мавзулардир. Президент айни шу жиҳатларни ҳам Конституцияда мустаҳкамлашимиз кераклигини уқтирмоқда.

Йиғилишда бошқа кўплаб йўналишлар бўйича янги қоидалар жорий қилиниши ҳақидаги таклифлар ҳам билдирилди ва уларнинг барчаси асосли таклифлардир. Муҳими, уларнинг ҳар бири халқ манфаатига хизмат қилади.

Фахриддин Саматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    563
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+