Давлатлараро муносабатларнинг янги босқичи

24.06.2022, 16:11

Давлатлараро муносабатларнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари бир-бири билан минг йиллар давомида тарихан боғланганлар. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш «Авесто» китоби, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган «Гўруғли», «Ошиқ Ғариб», «Дада Қўрқут» достонлари,  бетакрор мақомлар ва озарбайжон муғомларининг уйғунлиги азалий дўстлик, қардошлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир.  Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Берунийнинг илмий асарларида Озарбайжоннинг шарқ ва ғарб таманддунлари бир-бирини бойитган кўплаб шаҳарлари тилга олинган. 

Икки халқ ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шонли тарихи бугунги кўп қиррали  ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ўзбекистонда бугунги кунда 40 минг нафарга яқин озарбайжонликлар истиқомат қилмоқда. 2003 йилда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган. 2010 йилда Озарбайжон элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг янги биноси очилган.

Тошкентда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган Ҳайдар Алиев ёдгорлиги  ва  янгиланган кўча очилди.

 Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шеригидир. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон ва  Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Масалан,  сўнгги йилларда  мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди. 2021 йилда Озарбайжонда мамлакатимиз автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлди. Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланди.

Шуни тўлиқ ишонч билан қайд этиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев такифига биноан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очди.

Бу ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзолаганлари билан белгиланади. Шунингдек,  давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтказилган бизнес-форумда умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди. Мамлакатларимизда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишончимиз комил, 

Савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни устувор йўналиш сифатида  ажратиб кўрсатиш мумкин.

Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш,  мультимодал транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш  катта истиқболга эга.

Шунингдек, аниқ чора-тадбирлар сифатида маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатларимиз ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни алоҳида таъкидлаш мумкин. Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан, “Боку – Тбилиси – Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш каби мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналишини алоҳида таъкидлаймиз.  

Иқлим билан боғлиқ хатарлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, илмий ва инновацион ечимлар билан фаол алмашиш, аграр тармоқни рақамлаштириш бўйича шерикликни йўлга қўйиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Ташриф якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини белгилаб берганини алоҳида қайд этамиз. Имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни тубдан фаоллаштириш, қазиб чиқариш, нефть-кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, заргарлик буюмларни ишлаб чиқариш, виночиликда ўнлаб янги лойиҳалар ишлаб чиқиш учун асос яратди. Шу боис, Озарбайжон  Республикаси Президентининг давлат ташрифини тарихий аҳамиятга эга деб баҳолаш мумкин, чунки унда икки биродар халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатларимиз стратегик шериклигини чуқурлаштириш учун барча шароитлар шакллантирилди.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва  Озарбайжон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиқиб, дўстлик ришталари ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бормоқда. Давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқлади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

 O'zLideP фракцияси раҳбари,

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

  • Кўрилди
    428
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+