Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди

20.07.2022, 16:29

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди

Унда депутатлар “Фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш даражасини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилмоқда. Кун тартибидаги масала юзасидан депутатларнинг саволларига Адлия вазири Р.Давлетов жавоб берди.

Р.Давлетовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тўрт йил давомида давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари 4,5 бараварга ортган ҳолда, 37 тадан 175 тага етди ва аҳолига 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди.

Республика бўйича 170 та замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари давлат-хусусий шериклик асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км узоқ ҳудудларда 141 та филиаллар ташкил этилди. Бунинг натижасида ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқароларимиз давлат хизматлари марказларига ташриф буюриб, тегишли хизматлардан фойдаланмоқда.

Вазир томонидан берилган жавобда келтирилганидек, бугунги кунга қадар 200 тадан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, хизмат кўрсатиш вақти ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 бараварга қисқартирилди.

Шунингдек, бюрократия қоғозбозликни қисқартириш мақсадида давлат органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинди.

Давлатда мавжуд бўлган маълумотни давлат органлари фуқаролардан талаб қилмасдан “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиши йўлга қўйилди. Бу орқали йилига ўртача 15 миллиондан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлган “Ҳукумат соати”да депутатлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.

Муҳокамалар сўнггида кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

  • Кўрилди
    539
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+