Китоблик ишбилармон аёл вилоятда ҳам муваффақият қозонмоқчи

22.07.2022, 17:23

Китоблик ишбилармон аёл вилоятда ҳам муваффақият қозонмоқчи

Зарифахон Хидирова Китоб туманининг Қайнар қишлоғида оддий бир ўқитувчи бўлиб, ёшларга сабоқ бериб юрса ҳам бўларди. Лекин у шунча қир-адир бўш ётибди, шу ерларда узумзор барпо этилса, қанчадан-қанча маҳсулот етиштирилади. Узумни ҳатто хорижга экспорт қилиш имконияти яратилади, деб ўзича хомаки лойиҳа тузди. Қаранг, бу шунчаки хомаки лойиҳа бўлиб қолиб кетмади, балки амалга ошди, яъни у 2017 йилда у яратган токзорлар ҳосилга кириб, кўзни яшната бошлади.

-Қўй, қизим, ўзингни овора қилма, б у ерларда узум бўлмайди,- деган кишилар ҳам бўлди ўшанда,- дейди Зарифа Хидирова. –Токни экдинг ҳам дейлик, сувни қаердан олиб келасан, ахир сувсиз ниҳол нобуд бўлади-ку, деб мени фикримдан қайтармоқчи ҳам бўлишди. Тўғриси, бироз қайсарлигим бор, айтдимми, қиламан дедим. Қилдим ҳам. “Водовоз” билан сув ташиб, токларни ёз чилласидан омон олиб чиқдим. Кейинги йили ҳосил нишоналари кўрина бошлади. Биласизми, токзоримда узум пишганида кўзларимда ёш йилтиради. Ҳамқишлоқлар келиб мени табриклашди. Мени мақсадимдан қайтармоқчи бўлган отахон, келиб, “Зарифахон, аломат қиз экансан, уддасидан чиқдинг, раҳмат сенга” деб, бағрига босди. Ҳозирга қадар воситачилар кўмагида 120 тонна узумни хорижга экспорт қилдик. Мақсадим эндиликда воситачиларсиз тўғридан тўғри ўзим маҳсулотни хорижга экспорт қилиш устида иш олиб боряпман.

Зарифахон яна бир “оғир” ишга қўл урди. 7-8 километр узоқликдаги булоқдан сув олиб келиб, 1 гектар узумзор яратмоқчи бўлди. “Буниси энди жуда қийин, уддалай олмайсан” дейишди баъзи кишилар. Зарифахон енг шимарди. Полвонкелбат эмасми, ўша тоғдаги булоқ томонга йўл олди. Қанча маблағ кетса кетди, лекин булоқдан сув келди. Қувурдан жилдираб оқаётган сувни кўрганда қайнарлик кексалар қўлини дуога очиб, уни узоқ алқади.

Ҳозир унинг “Кўкчинор” фермер хўжалигида 33 нафар мавсумий, 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилади. У “Фермер аёл” 3-форумида иштирок этиб, Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳасининг “Энг яхши фермер” номинацияси соҳиби бўлди. Шунингдек, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Ўзбекистон банклар ассоциацияси томонидан ташкил этилган “Анор” республика миллий кўрик-танловида ҳам совринли ўринлардан бирини қўлга киритди. Энг қувонарлиси жорий йилда у O’zLiDeP томонидан ташкил этилган “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танловининг Китоб тумани босқичида ғолиб чиқиб, вилоятдаги ишбилармон аёллар билан беллашишга шай бўлиб турибди. Ниятимиз – танловнинг вилоят босқичида ҳам у юқори натижа кўрсатиб, республика миқёсига чиқсин. Ахир танловлар ишбилармон аёлларни кашф этади, уларга мотивация беради, ишга илҳомлантиради-да. Тиниб-тинчимас фермер аёл  - Зарифахонга барча соҳада муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Гулбаҳор Тўраева,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

“Аёллар қаноти” бўлими бошлиғи.

  • Кўрилди
    634
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+