Давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди

09.08.2022, 15:35

Давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди

Охирги беш йилликда Президентимизнинг халқчил сиёсати туфайли давлат хизматчилари аҳолига анча яқинлашди. Халқни эшитиш, маблағларни одамлар талабига қараб йўналтириш, “маҳаллабай” ишлаш тизимлари йўлга қўйилди. Ходимларга самарали фаолияти учун муносиб шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “навбатдаги муҳим вазифа – марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш” эканини таъкидлаган эди.

Ҳозирги кунда бу соҳада 118 минг киши меҳнат қилаяпти. Лекин, натижадорлик бўйича айтганда, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ. Қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишни яхшилашга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун айрим мутасаддилар вазифаларини эплай олмаяпти. Умуман, раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу боис маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари 4 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Кеча Президентимиз мазкур Қонунга имзо чекдилар. Эндиликда мазкур Қонун билан давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.

Давлат фуқаролик хизматини ўташда мазкур Қонун билан тартибга солинмаган муносабатларга Меҳнат кодекси қўлланилади. Давлат хизматчиси ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланмоқда. Давлат хизмачиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак бўлади.

Бундан ташқари Президент томонидан тасдиқланадиган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг реестри Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади. Давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.

Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланмоқда. Шунингдек, давлат хизматчиларига ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилмоқда.

Умуман олганда ушбу Қонуннинг кучга кириши бугун давлат хизматларида шаффофлик таъминланади, коррупция холатларига чек қўйилади, ҳар бир ташкилотнинг кадрлар танлашда масъулияти янада ошади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    506
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+