Тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар – инсон қадри учун

27.10.2022, 15:06

Тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар – инсон қадри учун

Ўтган 5-6 йилда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бажарилаётган ишлар кўлами янада ортиб бормоқда. Энг муҳими, бугун юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгариш ва янгиланишларни ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этмоқда. 

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуасини кўздан кечирди. Шу ерда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йил 18 март куни давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан “очиқ мулоқот” ўтказган эди. Ушбу йиғилиш ҳам ўша мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шу билан бирга илғор хорижий тажрибалар асосида, аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди. “Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 минг 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди.

Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди. Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилди.

Оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.

Шунингдек, 10 миллиондан зиёд 40 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизи кардиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди. Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг бемордан 3 минг 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди.

Шу ўринда тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилганлиги, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиздир.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш давомида ушбу бошланган ишларни тизимли давом эттириш, соҳадаги баъзи муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, энг чекка ҳудудларгача аҳолига сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш, шифохоноларни юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, шифокорларга барча шарт-шароитлар яратиб бериш, ҳудудларда яхши натижа қилган шифокор ва марказ раҳбарларини рағбатлантириб бориш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Умуман олганда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизни бугунидан рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилаётир.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    1123
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+