Ўзбекистон “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори

28.10.2022, 15:02

Ўзбекистон “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори

Мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обру эътибори тобора юксалиб бораётгани ва бу иқтисодиётимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ҳамда юртимиз истиқболига хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бинобарин, Остона шаҳрида ўтказилган биринчи "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиши ва ўз нутқида минтақамиз ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг савдо-иқтисодий йўналишига тўхталиб, мамлакатларимиз «GSP+» имтиёзли савдо тизимига қўшилганидан сўнг жорий йилнинг бошидан буён юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошганини қайд этгани ҳам сўзимизга яққол мисол бўла олади.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Европа кенгаши Президентлари ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари иштирок этган мазкур саммитда Президентимиз мазкур форматга амалий ҳамкорликни илгари суриш, ишонч, шериклик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган муҳим мулоқот майдони сифатида қарашини алоҳида эътироф этди.

Аммо тан олиш керак, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга мос эмас, яъни Европа бозорларида тайёр, хомашё бўлмаган товарлар номенклатураси билан муносиб рақобат қилиб бўлмайди. Бунинг учун  саноат маҳсулотларининг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш, ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш ҳамда европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Президентимиз Бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этишни таклифини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари  Европа Иттифоқини "яшил" тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга, бунда алоҳида эътиборни эко-инновациялар, энергия самарадор ва ресурс тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, «Smart-AKIS» Европа тармоғи ёрдамида «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратишга чақирди.

Маълумки, шу йил ноябрь ойининг иккинчи ярмида Парижнинг Лувр музейида минтақамиз халқларининг маданиятига бағишланган йирик кўргазма ташкил этиш кўзда тутилган. Бундай тадбирларни ҳар йили Европа давлатларининг пойтахтларида ва маданият марказларида ҳамкорликда ўтказиб бориш муҳимлиги айтиб ўтилди. Энг қувонарлиси эса  давлатимиз етакчиси мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, равнақ ва фаровонлиги йўлида “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканини таъкидлаб ўтди.

Мен аминманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат Янги Ўзбекистонни дунё билан яқинлаштиради, жаҳон иқтисодиёти билан барқарорлашишга ва провардида ривожланган мамлакатлар сафида тилга олинишга замин яратади.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    739
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+