“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги ҳамкорлик мамлакатимизни тараққиёт сари етаклайди

28.10.2022, 16:05

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги ҳамкорлик мамлакатимизни тараққиёт сари етаклайди

Бугун дунё қалқиб турибди. Глобал иқтисодий инқироз, глобал исиш, сув ресурслари танқислиги, минтақавий келишмоқчиликлар ва турли оммавий касалликларнинг тарқалиши каби  салбий ҳолатлар дунё олимлари ва экспертларини ташвишга солмоқда. Ана шундай оғир ва таҳликали замонда мамлакатлар ўртасида ҳудудлараро алоқани кенгайтириш, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий гуманитар алмашинувни фаоллаштиришнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс.

Шу маънода Остона шаҳрида  “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарлари мажлисининг ўтказилиши минтақамизда савдо-иқтисодий ва гуманитаор алоқалар барқарорлигини юксалтиришга катта йўл очади. Албатта, бу йирик анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев қатнашди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида минтақамизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини изчил чуқурлаштиришга чақирар экан, қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Энг аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс масалаларни ҳал этиш муҳимлигини айтди. Аммо бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларини Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлаштириш зарурлигини билдирди.

Бундан ташқари ҳозирги баъзи чекловларни инобатга олган ҳолда  ЕИ бозорларига чиқиш учун самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Қолаверса,европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказишнинг аҳамияти катта. Чунки Европанинг инвестициялари ва технологияларига бўлган катта эҳтиёжни қондириш осон иш эмас.

Давлатимиз раҳбари ушбу масалаларни тизимли равишда ҳал қилиш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” иқтисодий ҳамкорлик қўмитасини таъсис этиш ҳамда “Global Gateway” ташаббусининг мақсад ва вазифаларини қамраб олган ҳолда Савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегик дастур ишлаб чиқишни таклифини ўртага ташлади.

Президентимиз ўз нутқида Ўзбекистон “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги очиқ, тизимли ва сермаҳсул мулоқот тарафдори эканлигини таъкидлаб, бу борадаги сиёсий мулоқот ва амалий саъй-ҳаракатларни ривожлантиришга тайёр эканини билдириб ўтди.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    462
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+