Халқимизнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланади(ми?)

23.11.2022, 10:42

Халқимизнинг одил судловга бўлган ишончи мустаҳкамланади(ми?)

Фракциямиз йиғилишида Олий суд томонидан киритилган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдик. Бу қонун лойиҳасида белгиланган нормалар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институтини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан эътиборимни тортди.

Маълумки, амалиётда суд қарорларининг асослилиги устидан шикоят қилиш механизми мавжуд. Яъни, суд қарорлари кучга киришига қадар унинг устидан апелляция тартибида, қонуний кучга кириб бўлган суд қарори устидан эса кассация тартибида шикоят қилиш мумкин.

Бугун биз муҳокама қилган қонун лойиҳасидаги асосий янгилик шуки, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини “тафтиш тартиби”да ҳам кўриш институти шакллантирилиши кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда амалдаги қайси ҳолат ёки вазият Жиноят процессуал кодексимизга ўзгартириш киритиш заруратини юзага келтиргани бўйича ташаббускорлар берган тушунтиришга тўхталсам.

Кўпчилигимиз яхши биламиз, бугунги кунда кассация инстанциясидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати Олий судга берилган.

Маълумотларга қараганда, 2020 йилда Олий суд томонидан 1291 та иш кўриб чиқилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 560 тани ташкил қилган. 2022 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 3 441 тага етган. Демак, бу рақамлар Олий судда кўрилаётган ва бундан кейин ҳам кўриладиган ишлар сони бир неча баробар ошишини англатади.

Қонун ташаббускорлари таъкидлаганидек, олий судда иш ҳажми кескин ошиши судьяларнинг иш сифатига салбий таъсир кўрсатишидан ташқари фуқаролар олис ҳудудлардан ортиқча вақт ва харажат сарфлаб, Олий судга келишга мажбур бўлаётгани ҳамда айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис Олий суд томонидан киритилган қонун лойиҳасида қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколатини вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказиш таклиф этилаяпти.

Эътиборлиси, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳукмлари ва ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация инстанция судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан билдирилган шикоятлар ёки протестлар бўйича ишларни кўриб, ҳукм, ажрим ёки қарор чиқариш ваколатига эга бўладиган янги Тафтиш инстанцияси суди шакллантирилиши назарда тутилаяпти.

Фракциямизда кўплаб савол ва баҳс-мунозараларни юзага келтирган мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорларига концептуал бир неча саволим бор?

Амалдаги тартибга кўра, Олий судда кўрилаётган кассация ишларининг муддати узайиб кетаётгани шундоқ ҳам қанча минглаб одамларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Таклиф этилаётган янги тартибга кўра бир жиноят иши биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияларида бир мартадан кўрилар экан ёки тафтиш тартибида уч марта кўрилиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳолда халқимизнинг эътирози қанчалик камайиши мумкин? Бир ишнинг бир неча инстанциялар томонидан қайта -қайта кўрилиши билан адолатли суд қарори қабул қилинишига кафолат борми?

Хуллас, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида кўриб чиқилса, Олий суд вакилларига берадиган саволларим талайгина.

Асосий мақсад, ваколат ёки масъулиятни кимдандир олиб, бошқасига ўтказиш эмас, халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш бўлмоғи лозим.

Сардор ҒИЁСОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    371
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+