Тараққиётни таълим белгилайди

05.01.2023, 14:42

Тараққиётни таълим белгилайди

Юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятига кўра ҳар томонлама етук кадрларни шакллантиришга қаратилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Таълим соҳасида бажарилиши зарур бўлган ишлар кўплиги сир эмас. Уларни ҳал этиш борасида сўнгги йилларда кўзга кўринарли анча ишлар қилинди ҳам. Бу соҳадаги ислоҳотлар давомли бўлишига эса шубҳа йўқ.   Президентимизнинг Олий Мажлис ва халққа Мурожаатномасида таълим-тарбия масаласига қайта ва қайта эътибор қаратилгани кишини шундай хулосага ундайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деб таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, тизимдаги оғриқли масалалар ҳам очиқ айтилиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ мақсадлар, вазифалар белгилаб олинганига гувоҳ бўлдик.

Жумладан, Президент “Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши керак. Шу боис, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарур”, деди. Шу мақсадни амалга ошириш учун шу йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилиши, ҳар бир вилоятда  биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши, келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши эса юқорида келтирилган муаммони ҳал этишда муносиб қадам бўлади. 

2023 йилга эса “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиши ҳам бежиз эмас. Инсон фаровон жамиятда дунёга келиши, бахтли умр кечириши у яшайдиган жамият тараққиёти маърифат, таълим ва тарбия билангина барпо этилиши янги йилимиз номланишида ҳам яққол акс этиб турибди. Сир эмаски, эртасини ўйлаган, келажаги фаровон бўлишини истаган ҳар қандай давлат, жамият албатта таълим-тарбия соҳасига энг муҳим масала сифатида қарайди. Зеро, донолар сўзи билан айтганда, “Бир йил тўқ яшайман десанг – дон-дун эк, беш йилни кўзласанг – боғ ярат, бир умр фароғатда яшамоқчи бўлсанг – борингни илмга сарфла!”.

Абдулла АСЛОНОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    321
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+