Тўқсон ёшли Ғайбулла отанинг иссиқхоначилик тажрибаси ўрганилди

20.01.2023, 18:24

Тўқсон ёшли Ғайбулла отанинг иссиқхоначилик тажрибаси ўрганилди

O’zLiDeP Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Касби туманидаги Оққамиш маҳалласида яшовчи Ғайбулла ота Худойбердиев хонадони бўлди. Отахон фарзандлари билан ўн беш йилдан буён иссиқхонада цитрус мевалар етиштириб келади. Иссиқхонада апельсин, мандарин, папая, лимон каби цитрус мевалар етиштиришда бу инсонга тенг келадигани Қашқадарёда йўқ ҳисоби.

- Фарзандларимнинг барчаси томорқаларида иссиқхона ташкил этишган, -  дейди тўқсон ёшли Ғайбулла ота. -  Уларга иссиқхонада маҳсулот етиштириш борасида муттасил сабоқ бериб келаяпман. Абдураҳмон мен билан бирга яшайди. 3 сотих иссиқхонадан йилига ўн беш миллион сўмдан ортиқ даромад қиламиз. Иссиқхона йил ўн икки ой мобайнида бўш турмайди. Лимон орасига кўк пиёз ва кўкатлар экиб оламиз. Помидор бодринг ҳам етиштирилади. Маҳалламиздаги юздан ортиқ хонадонда иссиқхона бор. Ҳаммаси менинг шогирдларим. Ҳалигача маслаҳатга келиб туришади.  Бу йилги совуқ уларни яна бир бор синовдан ўтказди. Кўмир ва ўтин ёқиб,  иссиқхонадаги маҳсулотни сақлаб қолишди.

Касбилик томорқа ер эгалари ва иссиқхоначилар билан мулоқотда А. Хаитов совуқдан зарар кўрган лимон, апельсин, мандарин кўчатларини тиклаш учун қилиниши лозим бўлган агротехник тадбирлар ҳақида батафсил айтиб берди. Кекса иссиқхоначи Ғайбулла Худойбердиевга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан тайёрланган деҳқончилик илмига оид қўлланма китоблар жамламаси туҳфа этилди.

Кейинги манзил Касби туман Месит маҳалласида фаолият олиб бораётган Темирмалик Нормўминов хонадони бўлди. Ёш тадбиркор 6 йилдан буён иссиқхоначилик билан шуғулланиб келади. Жами 60 сотих ер майдони бўлиб, ҳозирда 15 сотих майдонда помидорнинг аламина навини етиштирмоқда. Йиллик даромад 100 миллион сўмдан ошаяпти.

Актам Хаитов Месит маҳалласида иссиқхоначиларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кооперацияси”  ташкил этилишини билдирди. Кооперацияга тадбиркорлар томонидан  маблағ қўйилиб, ким иш бошласа ўшанга ёрдам сифатида берилади. У эса олган даромадидан пулни яна жойига қўяди. Шу тариқа ёш тадбиркорларга ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари учун кўмак берилади.

Ишчи гуруҳ вакиллари билан мулоқотда маҳалла вакиллари иссиқхонада маҳсулот етиштириш борасидаги янгиликлардан бохабар бўлишди. Билим ва тажрибаларини янада мустаҳкамлаб олишди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    458
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+