Депутат наманганлик сайловчилар билан учрашувда қандай масалалар юзасидан фикрлашди?

24.02.2023, 16:42

Депутат наманганлик сайловчилар билан учрашувда қандай масалалар юзасидан фикрлашди?

Аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларнинг депутатлар томонидан жойларга чиқиб ўрганилаётгани айни муддао бўлмоқда. Албатта, халқ вакилларининг аҳоли билан юзма-юз учрашувлари муаммоларга ечим топишда қўл келмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамованинг Наманган шаҳридаги мактаблар, таълим муассалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли билан учрашуви ва юзма-юз мулоқотлари ҳам муаммоларни ўрганиш билан бирга ечим излашда ўзига хос аҳамият касб этди.

Депутат Наманган шаҳридаги 88 - мактаб жамоаси билан учрашар экан, гарчи таълим муассасаси 2022 йилда фойдаланишга топширилган бўлсада, дарслар 2 сменада олиб борилаётгани, қўшимча бинога эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди. 315 ўринга мўлжалланган мактабда 704 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётгани депутатни бефарқ қолдирмади. Шаҳардаги 74 – мактаб ҳам 840 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 2 сменада 1600 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Тўғри, мактабга 2022 йилда янги ошхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Аммо мактабга жиҳоз олиш, жорий таъмирлашда муаммолар кўзга ташланиб турибди.

Барно Мирзамова Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат зонаси фаолияти билан танишиш жараёнида “Balans-Teks”,  “Vestem-Tekstil”,  “S-Goldn-Stovn” каби кичик корхоналар раҳбарларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммоларини ўрганди ва зарур тавсиялар берди. Шу куни депутат сайлов округи ҳудудидаги ҳунарманд ва тадбиркорлар билан учрашди, 2022 йилда фойдаланишга топширилган 16-оилавий поликлиникада яратилган қулайликлар билан танишди. Поликлиника 250 қатновга мўлжалланган бўлиб, унда 18 нафар шифокор 37869 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Аммо бу шифо маскани учун тез тиббий ёрдам автомобилига эҳтиёж мавжудлиги айтиб ўтилди.

“Обжувоз”, “Келажак тонги”, “Нурли келажак” маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда  аҳоли томонидан электр таъминотини яхшилаш, ички кўчаларни асфальтлаш, суюлтирилган газ баллонларини жойларга вақтида етказиш, маиший чиқиндиларни ташиб кетувчи транспортлар сонини кўпайтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда фуқаролар йиғини учун янги бино қуриш каби масалалар кўтарилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат Барно Мирзамова сайловчиларга аҳолини қийнаб келаётган бу каби масалалар тегишли ташкилотлар орқали ҳал этиш чоралари кўрилишини айтиб ўтди. Энг муҳими эса, халқни тинглаш, фикрларини эшитиш ҳамда улар билан мулоқот жараёнларини ташкил этишнинг аҳамияти катта. Зотан, халқ билан мулоқотларда ҳақиқат юзага чиқади, ечим топиш ҳаракатлари бошланади. Муҳими ҳам аслида шу.

  • Кўрилди
    478
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+