Ҳақиқат мулоқотларда юзага чиқади

25.02.2023, 17:33

Ҳақиқат мулоқотларда юзага чиқади

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ўз сайлов округларида аҳоли билан яқиндан мулоқотлар ўтказмоқда. Зеро, халқ билан мулоқотларда ҳақиқат юзага чиқади, ечим топиш ҳаракатлари бошланади.

Қуйи палата депутати Одинахон Отахонованинг Андижон вилоятидаги учрашувлари ҳам аввалгилардан фарқли равишда амалий натижаларга бой бўлди. Депутат ҳар бир фуқаронинг муаммосини эшитди, аҳоли мурожаатларига юзаки қарамади, аксарият масалалар жойида ижобий ечим топди.

Шунингдек, халқ вакили Асака туманида мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган “Обод турмуш орзуси” фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Мазкур хўжаликнинг “Andijan golden fruits” бренди остидаги маҳсулотлари Европанинг уч давлати ва қўшни мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

Депутат бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Мамлакатимизда фермер хўжаликларини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар берди.

Мазкур учрашувлар чоғида халқ вакили Асака туманидаги  “Улуғбек” МФЙ аҳолиси билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Мулоқотлар давомида аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ва ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар кўтарилди ва уларга ижобий ечим изланди.

О.Отахонованинг шаҳрихонлик сайловчилар билан учрашуви ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Халқ вакили маҳалла фаоллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалалар билан қизиқди.

Маълум бўлишича, “Дориломон” МФЙда яшовчи Дилноза Маматалиева субсидия олиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ҳолда маҳалладаги ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиб, иш билан таъминламоқда. Халқ вакили у билан суҳбатлашиб, муаммоларини ўрганди. Фаолиятини кенгайтириш бўйича зарур тавсиялар, таклифлар берди.

Депутат кўмаги билан шу маҳаллада яшовчи Малика Сиддиқовага ногиронлик аравачаси олиб берилди. Ишсиз хотин-қизлар муаммолари тингланиб, уларнинг салмоқли қисми шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Шу куни халқ вакили Шаҳрихон туманида фаолият юритаётган бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, миришкорлар билан мулоқот қилди. Уларга қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, фермер ва деҳқонларга берилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берди.

Халқ вакилининг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

  • Кўрилди
    371
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+