O‘zLiDeP раиси ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги миссияси вакиллари билан учрашди

11.04.2023, 12:32

O‘zLiDeP раиси ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги миссияси вакиллари билан учрашди

Жорий йилнинг апрель ойи охирида чинакам тарихий воқеа – янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Референдум Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ – очиқ ва оммавий тарзда ўтказилади.

Кузатувчилар институти мазкур жараёнда муҳим механизмлардан бири саналади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Марказий сайлов комиссиясининг аккредитацияси асосида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий таклифига биноан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) нинг референдумни кузатиш миссияси иш олиб бормоқда. Ушбу миссия 10 нафар эксперт ва 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат.

Миссия вакиллари ўз вазифалари ва ваколатларидан келиб чиққан ҳолда референдумгача, овоз бериш куни ва ундан кейин ўтадиган турли тадбирларда иштирок этиши режалаштирилган. Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар кузатувнинг ажралмас қисмидир.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасида партия раиси А.Хаитов, партия масъул ходимлари ва фаоллари ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари, элчи Алберт Йонссон ва сиёсий таҳлилчи Светозар Колибарски билан учрашди. Халқаро кузатувчилар мамлакатимиз етакчи партияси – O‘zLiDePнинг референдум доирасидаги фаолияти билан танишди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг ишлаб чиқилган лойиҳасини чин маънода халқчил деб аташ мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси доирасида мамлакатимиз фуқароларидан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. 8 мингдан ортиқ таклиф O‘zLiDeP томонидан киритилган бўлиб, шундан 3 мингга яқини тўғридан-тўғри Конституциявий комиссияга, қолганлари портал орқали тақдим этилган. Партиянинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаб, қатор таклифлар билдирди. Меҳмонлар Конституция лойиҳасининг янги таҳрирдаги моддаларида инобатга олинган O‘zLiDePнинг таклифлари билан қисқача таништирилди. Буларнинг барчаси халқимиз нафақат конституциявий ислоҳотларда иштирок этганини, балки қонун лойиҳасини референдумда кенг қўллаб-қувватлашга ҳам тайёр эканини кўрсатади.

Учрашувда Конституция лойиҳасининг янги таҳрирдаги қоидалари мазмун-моҳиятини етказиш борасида тушунтириш ишларини олиб боришга O‘zLiDePнинг қўшган ҳиссаси масаласи муҳокама қилинди. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг 2023 йил 16 март куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида мазкур масала алоҳида кўриб чиқилгани тушунтириш ишларининг сифати, изчиллиги ва кўламли эканидан далолатдир. Сўнгги икки ҳафта давомида партия ташаббуси билан 112 мингга яқин мамлакатимиз фуқароларини қамраб олган 1000 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Учрашув якунида ўзаро фикр алмашилди. ЕХҲТ ДИИҲБнинг референдумни кузатиш миссияси вакиллари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдумда партиянинг иштироки юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Учрашув конструктив мулоқот руҳида ўтди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    394
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+