Халқчил давлат тамойили Конституцияда ўз ифодасини топмоқда

11.04.2023, 13:23

Халқчил давлат тамойили Конституцияда ўз ифодасини топмоқда

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлигида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Эркин Салихов иштирок этиб, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижаси, Конституциявий қонун лойиҳасининг бугунги кундаги аҳамияти, унда акс этаётган янгиликлар ҳақида кенг маълумотлар берди.

— Эътибор берсак, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда. Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Булар ва бошқа кўпдан-кўп муаммолар ечими мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворни – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини тақозо этади, — деди Э. Салихов ўз маърузасида.

Ўтган давр мобайнида Конституциявий қонун лойиҳаси устида қизғин иш олиб борилди. Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бугунги кунда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Яъни Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда.

Маърузачининг таъкидлашича, Конституциямизга киритилаётган нормаларни 4 тоифага бўлиш мумкин: биринчиси, ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш мақсадида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар. Масалан, айбсизлик презумпциясига янада аниқлик киритилмоқда. Иккинчиси, соҳавий қонунларимизда мавжуд айрим нормалар ҳам Конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Учинчиси, Конституциямизга кўплаб концептуал янги нормалар киритилмоқда. Мисол учун, 20-моддада инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кафолатланмоқда.

Шунингдек, Асосий қонунимизда ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг Конституциявий мажбурияти сифатида киритиляпти.

Тадбирда сўз олганлар киритилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга қаратилганлигини билдирди.

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+