Ахборотсиз яшаш қийин

20.04.2023, 10:39

Ахборотсиз яшаш қийин

Айни пайтда ўта мувозанатли бир даврида яшаяпмиз. Сиёсат, жамият, технологиялардаги улкан ўзгаришларга бевосита гувоҳмиз. Инсоният постиндустриал жамиятдан бутунлай янги давр – ахборотлашган асрга қадам қўйди. Компьютерлар ёки электрон ахборот даври деб аталишида ҳам мантиқий асослар мавжуд. Анъанавий саноатдан рақамли саноатга глобал силжиш билан тавсифланади бу ўзгаришлар. Шунингдек, ахборот даври кишилар учун маълумотни эркин узатиш, сақлаш ва қабул қилиш учун кенг имкониятлар яратди.

Аслида ҳам ахборотлашган жамиятнинг муҳим шарти ахборотни шакллантириш, узатиш, қайта ишлаш ва уни сақлашдан иборатдир. Ишлаб чиқариш кучлари ва муносабатлари ўрнини эгаллаган бу жараёнларни ҳаракатлантирувчи омил ҳам холис ахборотга таянади.

Президентимиз ибораси билан айтганда, бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.

Шу маънода янгиланаётган Конституциямизнинг амалдаги 29-моддасига “Ҳар ким интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга” деган қўшимча норма киритиш таклиф этилаётгани айни муддаодир. Чунки атрофдаги воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумот олишга доимий зарурат мавжуд бўлиб келган. Масалан, инсониятнинг илк тарихи даврида заҳарли ўсимликлар, хавфли ҳайвонлар ва бошқалар ҳақидаги билимларни ўзлаштириши одамлар учун омон қолишнинг калити эди.

Бугунги кунда ахборотнинг инсон ҳаётидаги ўрни янада муҳимроқ аҳамият касб этиб, рақамли технологияларнинг изчил ривожланиши унга маълумот яратиш, сақлаш ва узатиш учун кенг имкониятлар бермоқда. Ахборот асрида ахборотнинг истеъмолчига ўз вақтида ишончли етиб бориши нафақат бир инсон ёки унинг оиласи ҳаётига, балки бутун бир жамият, давлатнинг тараққиётига ёки ижобий, ёки салбий таъсир қилиши мумкин.

Конституциямизга киритилаётган ушбу ўзгартириш ҳар ким ахборотни интернет жаҳон ахборот тармоғидан монеликсиз излаши, олиши, текшириши, тарқатиши, ундан фойдаланиши ва уни сақлаш ҳуқуқини мустаҳкамлайди. Бу ҳуқуқнинг Асосий қонун билан мустаҳкамланиши фуқароларимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, сиёсий, техникавий ва технологик соҳаларда фаоллигини оширади, маҳаллий ва хорижий янгиликлардан бохабар бўлиб туриш имкониятини яратади, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кечишини кузатиб боришга шароит туғдиради, давлатнинг бизнес билан ўзаро интеграциясини кучайтиради, фуқароларнинг ўзини-ўзи рўёбга чиқариш манбасига айланади ва ҳ.к.

Бу каби ҳуқуқларимизнинг Бош қомусимизда кафолатланиши, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, соҳа ва тармоқларнинг изчил ривожланишига ҳамда халқимиз турмуши фаровонлигининг ошишига ўзининг беқиёс ижобий ҳиссасини қўшади, албатта.

Исомиддин АШУРОВ,

“Ўзбектелеком” акциядорлик

компанияси бош директорининг ёшлар масалалари

бўйича маслаҳатчиси, O‘zLiDeP эксперти

  • Кўрилди
    514
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+