Германиялик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораяпти

05.05.2023, 12:07

Германиялик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораяпти

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга расмий ташрифи муваффақиятли якунланди. Иккала дўст давлат манфаатига хизмат қиладиган бир қатор битим ва келишувларга эришилди. Энг муҳими эса Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан тенг ҳуқуқли шериклик муносабатлари юқори босқичга кўтарилиб бораётгани бу ташриф давомида янада яққол намоён бўлди.

Германия компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан Президентимизнинг учрашуви мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида янги ёрқин саҳифа очди, десак сира муболаға қилмаган бўламиз. Чунки Германия томонидан тадбирда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Германия энергетика агентлиги, “CLAAS”, “Knauf”, “Siemens Energy”, “Lasselsberger”, “Aurubis”, “Linde Group”, “Gunter Papenburg”, “Falk-Porsche-Technik”, “Mangold Consulting”, “DB Engineering”, “Landesbank”, “Commerzbank”, “KfW Bank”, “Deutsche Bank” каби ўттизга яқин энг йирик компания ва банклар раҳбарлари қатнашди. Бу албатта, мазкур давлат ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари Германия билан муносабатларда юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат қарор топганини алоҳида қайд этиб, юртимизда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилганини билдирди.

Албатта, охирги йилларнинг ўзида Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда. Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётидаги кенг кўламли ва жиддий тебранишлар шароитида Германия бизнеси учун самарали ва ишончли макон бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилди, давлат ҳалол рақобат ва суд тизими мустақиллиги учун шароит яратишига оид қоидалар аниқ мустаҳкамлаб қўйилди. Эндиликда инвесторларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва уларнинг судда ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади. Бундан буён тадбиркорлар эмас, давлат идоралари ўз қарорларининг қонунийлигини исботлайди. Шунингдек, юзага келадиган ҳар қандай ноаниқликлар инвесторлар фойдасига ҳал этилади.

Давлатимиз етакчиси сўзидан иқтибос келтирадиган бўлсак, хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим. Ҳар бир германиялик тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларни Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз.

Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, Германия биз учун жуда яқин ҳамкор. Чунки бу ҳамкорлик узоқ тарихга бориб тақалади. Ота-боболаримиз фарзандларини илмли қилиш учун Германияга юборгани, у ерда таълим олган ўғил-қизларимизнинг юртимиз тараққиётига ҳиссаси катта бўлганини яхши биламиз.

Умуман олганда Ўзбекистоннинг Германия билан ҳамкорлиги иккала мамлакат манфаатларига хизмат қилади. Айниқса, ривожланиш бўсағасида турган Ўзбекистон учун ривожланган мамлакат билан стратегик шериклик жуда катта иқтисодий самара беради. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг Германияга расмий ташрифи мамлакатимиз ҳаётида янги истиқболларни очади.

Мавлуда Ибрагимова,

          Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    751
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+