Дунё сармоядорларининг Самарқанддаги мулоқоти

19.05.2023, 16:31

Дунё сармоядорларининг Самарқанддаги мулоқоти

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри кўплаб нуфузли анжуманларга мезбонлиқ қиляпти. Бу юртимизга дунё аҳлининг қизиқиши ортиб бораётгани ва Ўзбекистоннинг дунёга қучоқ очаётганидан далолат бериб турибди. Шу жиҳатдан Самарқандда уч кун давом этган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ҳам сармоядорларнинг Ўзбекистонга қизиқишини ифодалаб турибди.

ЕТТБнинг бундай йиғилиши мамлакатимизда 20 йил олдин бўлиб ўтган эди. Ундан бери Ўзбекистон анча ўзгаргани, иқтисодиёт эркинлаштирилгани, барча соҳаларда кенг кўламли янгиланишлар бошланди ва изчил амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар дастурини амалга оширишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан бири. Унинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошган. Шундан 3,3 миллиард евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошланган.

Ўтган йил якуни билан Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига кирган. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса унинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригидир. Давлатимиз раҳбари анжуманда сўзлаган нутқида халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Хусусийлаштириш ва хусусий сектор учун кенг шароитлар яратиш, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини жадал ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбари банк билан ҳамкорликда бу соҳаларда янги лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишини маълум қилди. Шунингдек, банкни қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликдаги минтақавий лойиҳаларда иштирок этишга таклиф этди. Йиғилиш доирасида Ўзбекистон инвестиция тақдимоти ҳам ўтказилиб, бизнес соҳасида қандай катта имкониятлар борлиги кўрсатиб берилди. Бундан ташқари, анжуман сессияларида соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида 40 дан ортиқ йирик хусусий шериклик лойиҳалари тақдимот қилинади.

Бир сўз билан ифодалаганда Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган бу галги форум ЕТТБнинг Ўзбекистон билан алоқаларини янада кенгайтирди. Ажратиладиган сармоялари миқдори бир неча баравар ошди. Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш билан бирга халқимиз фаровонлиги юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    365
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+