Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди

12.06.2023, 22:20

Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалгилардан бошқача форматда, Нукус шаҳрининг “Наўқан Бағ” маҳалласида очиқ мулоқот тарзида ўтди.

Тадбирни номзоднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Б.Отемуратов очди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, одамларнинг турмуш сифатини ошириш бўйича эришилган натижаларни эътироф этди.

Тадбирда таъкидландики, кейинги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Дотацияда бўлган 12 та туман бугунги кунга келиб, ўз даромадига эга бўлган. 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланган, 401 та маҳаллада 2 триллион 200 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган. Орол денгизнинг қуриган тубида 1 миллион 800 минг гектар саксовул ўрмонлари барпо этилган.

Тадбиркорлик учун энг кўп имконият ва имтиёзлар айнан Қорақалпоғистон Республикасига тақдим этилган. Хусусан, жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Натижада Қорақалпоғистон тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қоляпти.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастур бешта стратегик мақсадни қамраб олган:

Биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Иккинчи мақсад – одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш. Тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш. Бешинчи мақсад – Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат.

Номзод мазкур йўналишларнинг ҳар бири бўйича Қорақалпоғистон Республикасига оид режаларини баён этди. Умуман, бу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун алоҳида етти йиллик дастур қабул қилиб, унга жами 25 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилиши айтилди.

Шавкат Мирзиёев маҳалла тизимига эътиборни кучайтириш, уларни институционал такомиллаштириш масаласига алоҳида тўхталди. Унга кўра, энди маҳалла аҳоли ҳаётини яхшилашда оддий иштирокчи ёки ижрочи бўлмайди, балки қарор қабул қиладиган марказга айланади. Жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда унинг роли кучайтирилиб, “маҳалладаги еттилик” тизимига ўтилади. Профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳам маҳаллаларда ташкил этилади.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    921
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+