Бандлик дастурларини амалга оширган тадбиркорларга қўшимча имтиёз бериш тартиби ишлаб чиқилади

15.06.2023, 10:16

Бандлик дастурларини амалга оширган тадбиркорларга қўшимча имтиёз бериш тартиби ишлаб чиқилади

Пойтахтлик сайловчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри бўйича ишончли вакили Рустам Каланов билан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этишмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети мажлислар залида чилонзорлик сайловчилар билан ўтказилган навбатдаги учрашув ҳам кўтарингки кайфиятда ўтди.

Дастлаб ишончли вакил номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг, номзод сайловолди дастуридаги устувор мақсад ва вазифалар бирма-бир шарҳлаб берилди.

Ишончли вакилнинг қайд этишича, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади. Бу йўлда, меҳнат қобилиятини ишга солиш орқали 3 миллион нафар ёшларни камбағалликдан чиқариш асосий вазиф бўлади. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид дастурлар камбағал аҳоли билан бирга даромади паст бўлган қатламларни ҳам қамраб оладиган тизимни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Мазкур соҳадаги ишларни жадаллаштириш учун таклиф этилаётган ечимлар қаторида тадбиркорларга ижтимоий шериклик асосида камбағал тоифа учун бандлик дастурларини амалга оширишда қўшимча имтиёз ва рағбатлар бериш тартибини ишлаб чиқиб, бунга ҳар йили камида 1 миллиард доллар йўналтириш масаласи ҳам бор. Ишончли вакил бу вазифалар бўйича барча куч ва ҳаракатлар сафарбар этилишини, белгиланган дастурлар бўйича ишлар кўлами янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққан  меҳнат фахрийлари, партия фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари халқимизнинг эзгу ниятларини рўёбга чиқарадиган бу ҳаётий дастур эркин ва фаровон, қудратли ҳамда халқпарвар давлатни барпо этишда дастуриламал эканлиги айтиб, чилонзорлик сайловчиларни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирдилар.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    427
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+