Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

23.06.2023, 18:53

Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Қашқадарё вилоятидаги сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Шуҳрат Асланов очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида вилоятда улкан ўзгаришлар рўй бергани, жумладан, ўтган олти ярим йилда ҳудудда одамлар турмуш фаровонлигини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, Қашқадарё чин маънода ободончилик ва бунёдкорлик вилоятига айланганлигини таъкидлади.

Тадбирда таъкидландики, вилоят иқтисодиёти 1,3 марта ўсиб, 50 трлн сўмдан, аҳоли жон бошига даромадлар эса 2,5 марта ўсиб, 13 млн сўмдан ошгани, воҳага киритилган 15 млрд доллар инвестициялардан 6 млрд доллари хорижий инвестиция эканлиги, туман ва шаҳарларда 49 та саноат зоналари ташкил этилди.

“Uzbekistan GTL” юқори технологик саноат мажмуаси ишга туширилиши билан, шу корхона ўзига 1 млрд доллар хорижий инвестиция кириб келди. Натижада 223 та ҳудудга саноат кириб борди, 182 та маҳаллалар ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди, 615 минг аҳоли, шу жумладан 200 минг нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Таълим соҳасида 331 та мактаб янгидан қурилди ва реконструкция қилинди ва уларда 100 мингга яқин қўшимча ўқувчи ўринлари яратилди. Боғчалар сони 9 марта кўпайиб, 3 мингга яқинлашди – тизим қамрови 13 фоиздан 53 фоизга ошди. Олийгоҳлар сони 3 марта ошиб, 9 га етди – олий таълим билан қамрови эса 8 фоиздан 40 фоизга етди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, уй жой қурилиши, 400 га яқин маҳаллаларда узоқ йиллар давомида ечимини топмаган йўл, ичимлик суви ва электр энергияси соҳаларида амалга оширилан ишлар юзасидан тўхталиб ўтилди.

Номзод келгуси 7 йилда Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун жами 27 млрд доллар сарфланишини таъкидлади.

Жумладан, 2030 йилга қадар вилоятда мактабгача таълим қамрови 100 фоизга етказилади, тиббий воситалар ва дори-дармон билан бепул таъминлаш учун маблағлар 4 марта оширилади, эндокринология ва кардиология бўлимлари, “Она ва бола” кластерлари барпо этилади. Қандли диабет билан касалланган беморлар инсулин препарати билан таъминланади, эҳтиёжманд аёлларга даволаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали, келгуси етти йилда вилоятда камбағаллик даражасини 3 марта қисқартирилади.

Ижтимоий ҳодимлар маҳалладаги ёлғиз кексалар ва аёллар, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд 30 тоифадаги аҳоли билан манзилли иш олиб боради.

Ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини қондириш мақсадида 2030 йилгача 22 минг квартирали 550 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади ва бунга 3,5 трлн сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилади. Бундан ташқари, аҳолини ичимлик суви, ижтимоий объектларни иситиш, электр энергиясини таъминлаш, автомобил йўлларини таъмирлаш ва янги қуришга халқаро ҳамкорлар ва хусусий сектор жалб этилади.

Инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш учун Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Ёшлар технопарки” барпо этилади, Тўқимачилик муҳандислиги факультети очилади, йирик нефть-газ корхоналари билан “Таълим – илм-фан – оишлаб чиқариш” кластери ташкил этилади.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ёшларга 4 мрлн сўм имтиёзли кредитлар, бизнесининг дастлабки бино ижара харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Номзод келгуси етти йилда Қашқадарё иқтисодиёти 2 марта, яъни 180 трлн сўмга етказиш учун фаол инвестиция сиёсати юритилиши режаси ҳақида гапирди. Бунинг учун 20 млрд долларлик 15 та текстиль, электротехника, озиқ-овқат, маиший кимё, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари каби саноат лойиҳалари ишга туширилади.

Бундан ташқари, ҳудудда туризмни етакчи соҳалардан бирига айлантириб, хорижий сайёҳлар сонини 5 марта ошириш учун имкониятлар ишга солинади.

Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида 2 та йирик замонавий агрологистика маркази, интенсив боғлар барпо этилади, “Сичанкул” табиий сув ҳавзасида балиқчилик кластери ташкил этилади, Шахрисабзда пахта майдонлари ҳисобига мева-сабзавотчилик ривожлантирилади.

Глобал иқлим ўзгариши шароитида аҳолининг сувга бўлган талабини қондириш мақсадида сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади, суви тақчил ҳудудлар ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади. Насос станцияларнинг 50 фоиз электр истеъмоли қайта тикланувчи электр манбаларига ўтказилади.

Номзод хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ватандошларимиз ҳақида ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама ҳимоялаш тўғрисида алоҳида тўхталди. Бу борада хориждаги Ўзбек миллий маданий марказлари ва элчихоналаримиз қошида ўзбек тили курслари ва “якшанбалик мактаб”лари ташкил этиш, хориждаги ватандошларимиз учун алоҳида таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишидаги етакчи олийгоҳларда ватандошлар учун 200 та грантлар ажратиш вазифа сифатида белгиланди.

Ишлаш ва тадбиркорлик қилиш истагидаги ватандошлар учун кириш визалари 3 йилга узайтирилади, давлат божлари 3 карра пасайтирилади, Ўзбекистонда ишлаши учун лицензия талаби бекор қилинади, Ўзбекистонда доимий яшаш тартиби соддалаштирилади.

Бундан ташқари, чет элда мусофирчиликда оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимизга чет элни ўзида моддий ёрдам имкониятларини кенгайтирилади.

Учрашув сўнгида партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқдилар. Улар сайловолди дастуридан ўрин олган ҳар бир ташаббус вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишга, хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ватандошларимизни янада ҳимоялашга хизмат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    1162
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+