Сифатли билим, таълим ва тарбия — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори

01.07.2023, 14:53

Сифатли билим, таълим ва тарбия — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори

Янги Ўзбекистон айнан мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади, мамлакат тараққиёти илм-фан ва инновацияга таянади. Зеро, мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз эса янги Уйғониш даври, глобаллашув даврида мамлакатимиз рақобатбардошлигининг тўрт таянч устунидир.

Мамлакатимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган таълим-тарбия соҳаси — мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қисқа муддатда таълим-тарбия соҳаси тубдан ўзгартирилгани:

- болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 72 фоизга олиб чиқилиши;

- мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилиши, 200 га яқин мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил қилиниши;

- математика-физика ва кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиниши ва амалга оширилиши;

- таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, мактабларга минглаб хорижий муаллимлар олиб келиниши, мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши;

- ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2022 йилда 38 фоизгача — 4,2 баробар, олий таълим муассасалари сони эса 3 баробар (77 тадан 210 тага) ошгани, 65 нодавлат ОТМ ташкил қилиниши (2016 йилда умуман бўлмаган), хорижий ОТМ филиаллари сони 4,2 баробар кўпайиши кабилар бу борада амалга оширилган ишлар кўламидан дарак беради.

Натижада бугун қанча-қанча оддий оилалар фарзандлари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлмоқда, 1 миллиондан ортиқ йигит-қизимиз олий таълимда таҳсил олмоқда (2016 йилда 270 минг нафар), нуфузли хорижий олийгоҳларга кирмоқда. Уларнинг ота-оналари қувончи чексиз.

Шу билан бирга, бу соҳадаги ўзгаришлар амалга оширилаётган ишлар дебочасидир. Бугун таълим сифатини таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Халқаро экспертлар билан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, бугун ҳаётимиздаги мавжуд шароитлар болаларга фақат 60 фоиз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкон бермоқда.

Шу муносабат билан, номзодимиз Шавкат Мирзиёев дастурида бу йўналишда қуйидаги вазифалар устувор, деб белгиланди.

Биринчидан, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, қамровни 100 фоизга етказиш ва боғчаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш. Ушбу мақсадда:

- 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит бериш учун имконият яратилиб, ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатларини солиқлардан тўла озод қилиш тартиби ишлаб чиқилади;

- 2030 йилга қадар қўшимча 2 мингта боғча қуриш чоралари кўрилади;

- эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча, жумладан, хусусий боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади;

- ҳар бир боғчани компьютер синфи билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бу, ўз навбатида, болаларни эрта ёшдан бошлаб замонавий ахборот технологияларига ўргатишга ва уларнинг келажакда юксак салоҳиятга эга бўлишига хизмат қилади.

Шунингдек, боғча ва мактаблар инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, фильтрланган ичимлик сув, санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш ҳамда болаларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш мақсадида уларга оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут ва йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.

Иккинчидан, мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифати тубдан яхшиланади. Шу мақсадда:

- “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади;

- хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилиб, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида мактаблар қуриш кенг жорий этилади;

- бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади ва бунинг учун зарур молиявий имкониятлар яратилади;

- чекка ҳудудларда “мактаб автобуслари” бепул йўлга қўйилади;

- 2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод — Интилиш — Истиқбол” номли ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароит яратилади ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилади;

- барча мактабларга “тил эгалари” бўлган ўқитувчилар жалб қилинади, бу мақсадларга ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ ажратиш чоралари кўрилади. Зеро, хорижий тилларни билиш — ёшларимиз учун дунё эшикларини очадиган калит.

Учинчидан, олий таълим ва илм-фан тизимларини илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш. Шу мақсадда:

- дунёдаги “Топ-500”га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим”ни (“double degree”) жорий этиш асосий вазифа бўлади. Бугунги кунда жаҳоннинг (АҚШ, Германия, Франция, Италия, Финляндия, Нидерландия, Туркия, Россия, Индонезия, Исроил ва бошқа қатор давлатлар) нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги “double degree” таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгаймоқда.

Бу жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилувчи зарур мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда;

- биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш бўйича 200 миллион АҚШ долларилик дастурлар амалга оширилади. Ушбу ташаббуслар дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади;

- илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга 1 миллиард АҚШ доллари ажратилиши учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Шунингдек, маданият, санъат ва адабиёт вакиллари, маънавият соҳаси ходимлари, барча зиёлиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриб борилади.

Номзодимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу ташаббуслар мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти” ҳамда “рақамли иқтисодиёт”, “ахборот жамияти” шакллантирилишига эришишнинг муҳим ва зарур шартлари сирасига ҳам киради. Зеро, келажагини ўйлаган, жаҳон тараққиётидан ортда қолишни истамаган давлатлардан нафақат ўзгаришлар фалсафасини англаш қобилияти, балки уларнинг ҳаётимизга кириб келиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда мобиллик, тезкорлик, кенг кўламли ишларни кечиктирмасдан амалга ошириш талаб қилинади.

Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар давомийлигини, халқимизнинг турмуш сифати янада ошишини истасангиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беринг!

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    261
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+