Булоқбошилик сайловчилар номзоднинг сайловолди дастурини кўллаб-қувватламоқдалар

04.07.2023, 18:56

Булоқбошилик сайловчилар номзоднинг сайловолди дастурини кўллаб-қувватламоқдалар

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоят бўйича ишончли вакили Ўктамжон Ахунов Булоқбоши тумани сайловчилари билан учрашди.

Тумандаги 14-сон мусиқа мактабидаги учрашувда вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,  маҳаллий Кенгаш депутатлари, тарғибот гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари  иштирок этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси йилига 2 фоизга ўсмоқда. 2030 йилга бориб прогнозларга кўра 40 миллионга етади. Бундай катта давлатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халққа муносиб шароит яратиш учун иқтисодиёт ҳам, бошқарув ҳам, таълим ва тиббиёт ҳам янгича бўлиши, барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлиши кераклиги таъкидланди.

Янги Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинди. Хусусан, янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилди.

2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод – Интилиш –Истиқбол” номли ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиш, уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароитларни яратиш ёшларимиз учун янги имкониятларни очиб беради. Бу мактабларда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратиш кўзда тутилади.

Нуронийларни ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши йўлга қўйилади, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилади.

Шунингдек, 2030 йилгача қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилади ва бунга 15 миллиард доллар йўналтирилади, арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этилиши йўлга қўйилади.

Дархақиқат, туманларда ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобил гуруҳлар”, зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “колл-марказ”лар ташкил қилиниши туман ахолисини жуда хам қувонтирмоқда, дейди партия фаоли Тохирова Мавлудахон.

Ишончли вакил  партия номзодининг сайловолди дастуридаги мақсадларни  сайловчиларга етказаркан, охирги йиллардаги ислоҳотлар самарасини халқ ҳаётидаги муҳим ўзгаришлар, улкан ютуқлар мисолида қайд этди.

Учрашувда сўзга чиққанлар Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, барча сайловчиларни номзодни бўлажак сайловда қўллаб-қувватлашга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+