Туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бошланди

17.07.2023, 09:30

Туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бошланди

Куни кеча янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросимида қатнашдим. Тарихий жараённи бевосита кузатиш бахтига муяссар бўлдим. Давлат раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида нутқ сўзлаб, янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилган Президентлик сайловида аввало ўзининг сиёсий маданияти ва иродасини намоён этган олижаноб ва бағрикенг халқимизга, сиёсий партиялар вакилларига, кенг жамоатчиликка ўз миннатдорчилигини билдирди.

Маърузада белгиланган мақсад ва вазифалар кўламини атрофлича мушоҳада қилиб, Янги Ўзбекистон яқин йилларда янада фаровон, иқтисодий барқарор, барча соҳаларда ривожланишга юз тутган мамлакатга айланишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Чунки, давлатимиз раҳбари ўз нутқида “...олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди” дея қатъий таъкидлади.

Бошқача айтганда, бугунги кунда давом этаётган ислоҳотлар янги ғоя ва ташаббуслар билан бойитилиб, янада шиддатли тус олади. Шундай бўлиши ҳам керак. Негаки, бугун жаҳон миқёсида қандай кескин ва шиддатли ўзгаришлар бўлаётганини бевосита кузатиб турибмиз. Президентимиз ўз сўзида масаланинг ушбу жиҳатига тўхталиб, ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказаётганини, бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқаришини алоҳида таъкидлади. Мақсадимиз белгиланган ислоҳотларни таъсирчан ва бардавом бўлишини таъминлаш экан, йўлимизда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олишимиз зарур. Ўз навбатида улардан талафотсиз ўтиш чораларини кўришимиз лозим.

Бунинг учун эса “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шартлиги айтилди. Зеро вақт югурик. У бизни кутиб турмайди. 

Давлат раҳбари биринчи навбатда ўзига ва бошқаларга бундай қатъий талаб ва ҳисобдорликни қўяётгани бежиз эмас. Чунки, кейинги 7 йилда қилиниши лозим бўлган ислоҳотлар ижроси замирида миллионлаб инсонлар тақдири, умид ва ишончи ётибди, десак тўғри бўлади. Биз ким ва қайси соҳада ишлашимиздан қатъий назар Президентимиз атрофида бирлашган ҳолда ўз ишимизга виждонан ёндашиш, халқимиз ишончига муносиб бўлиш учун бор куч ва имкониятларимизни аямаслигимиз лозим.

Президентимиз белгиланган ислоҳотларни Янги Ўзбекистоннинг келгусидаги тараққиётини билимли, замонавий фикрлайдиган ёшларсиз тасаввур этолмаслигини, келгусида юртимиз ва чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган салоҳиятли ёшлар тимсолида аввало эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўришини алоҳида қайд этди.

Давлат раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам барпо этишда билимли зукко ёшларга ишонишини айтди. Бу йўлда уларни яратилган имкониятлардан фойдаланишга, интилиш ва изланишдан асло тўхтамасликка чақирди.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз билан бўлаётган мулоқотни янги босқичга кўтариш, уларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда ҳаётий қонунларни ишлаб чиқиш фаолиятимиз дастуриламалига айланади.

 Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    466
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+