“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш – вақтни ютиш ва даромад топишдир

19.07.2023, 11:44

“Яшил иқтисодиёт”га ўтиш – вақтни ютиш ва даромад топишдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришиш  тантанали маросимидаги нутқи халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Унда мамлакатимизнинг тараққиёт стратегияси, юртимизнинг эртанги истиқболи айнан нималарга боғлиқлиги чуқур таҳлил қилинди, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида олдимизда турган долзарб масалалаларга доир мулоҳазалар баён қилинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида партиямиз асосий электорати саналган ишбилармонлар, фермерлар учун яқин истиқболда  бир қатор имтиёзу енгилликлар бериш ишлари изчил давом эттирилади. Солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратиш, келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар оширилмаслиги қатъий кафолатланади. 

Президентимиз ўз маърузасида Янги Ўзбекистоннинг тараққиётини билимли, замонавий фикрлайдиган ёшларсиз тасаввур этолмаслигини билдирди. Юртимиз ва чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган салоҳиятли ёшлар тимсолида  эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўришни, бу билан ёшларга катта ишонч билан қараётганини алоҳида таъкидлади.

 “Ёшларимизга илм бериб, уларнинг мустақил касбга эга бўлиб, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига ҳам катта ҳисса қўшамиз. Ҳар бир кун бу – имконият, ҳар бир кун бу – келажакка пойдевор!”. Юртбошимизнинг олий минбардан айтган гаплари  юртимиздаги ҳар бир ёш йигит-қизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, ўз танлаган соҳаси бўйича иқтидорини рўёбга чиқаришга ундайди.  Партиямиз ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Президентимиз илгари сурган  ривожланиш ва тараққиёт дастурини барча тадбиркорлар, фермерлар, мулкдорлар, ишбилармон доира вакилларига етказишга  астойдил ҳаракат қиламиз.

Юртимизда “20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис”  дастури доирасида тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар берилаётгани ишбилармонларни  янада руҳлантирмоқда. Хоразм вилоятининг  чекка туман,  қишлоқларида тадбиркорларни излаб топиш, уларга кўмаклашиш борасида O‘zLiDeP вилоят, шаҳар, туман кенгаши депутатлари, маҳалла фаоллари, аппарат раҳбарлари билан ҳамкорликда ишланмоқда. Очиқ, самимий мулоқотлар ўтказилмоқда. Мулоқотлар давомида тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича вазифалар белгиланмоқда.

 Ўз навбатида, қишлоқ хўжалигини илмий асосда ривожлантириш мақсадида сув тежамкорлиги бўйича инновацион технологияларни  кенг жалб қилиш бўйича олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни сўзсиз амалга ошириш долзарб вазифаларимиздан биридир.           Айниқса, Хоразм воҳасининг ўзига хос иқлим  шароитида сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишнинг долзарблигини  хоразмлик  деҳқон, фермер хўжаликлар ходимлари яхши билишади.    Айтиш жоизки, сув ва бошқа энергия  ресурсларининг  чекланган шароитида   қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни кенг жалб қилиш орқали ҳосилдорликни ошириш борасидаги тарғиботларимизни чекка ҳудудларда фаолият юритаётган   фермерлариларимизга етказишга ҳаркат қиламиз.

Жумладан, сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш бўйича 2023 йил якунига қадар 187 дона “Ақлли сув”, ер ости сизот сувларини мониторинг қилиш учун  155 дона “Дайвер” технологик қурилмасини ўрнатиш ҳамда  сув ресурсларини тежаш мақсадида  1  943 гектарда ёмғирлатиб суғориш ва 1 000 гектарда дискрет усулда суғориш технологиялари жорий қилинади. Бугунги кунда 3 009 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш, 1 338 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш ҳамда 10 220 гектар ерлар лазерли текисланиб, агротехник тадбирлар бажарилмоқда. Шунингдек, 182 та фермер хўжалигининг  коллектор тармоқлари, 238 та мелиоратив кузатув қудуқлари реконструкция қилинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги куннинг долзарб  вазифаси – “Яшил иқтисодиёт” га ўтиш, қайта тикланувчи энергия воситаларидан кенг фойдаланиш орқали иқтисодиётни тараққий қилдиришдан иборат илғор тажрибаларни жорий қилиш вақти келди. Бу муҳим жараёнда партиямизнинг кўп сонли аъзолари, депутатларимиз, партия фаоллари ёрдамида олдимизда турган вазифаларни бажаришга астойдил ҳарақат қиламиз.

Ислом ФАЙЗУЛЛАЕВ,
O‘zLiDeP Хоразм вилоят кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    373
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+