Энг эзгу ният – инсонларни рози қилиш

20.07.2023, 10:19

Энг эзгу ният – инсонларни рози қилиш

Улкан ижтимоий-иқтисодий, маънавий ислоҳотлар изчил давом этаётган кунларда яшаяпмиз. Уларнинг барчаси моҳият-эътиборига кўра мамлакатдаги сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқдир. Шу маънода, ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш ва манфаатини муҳофазалаш, одамларни рози қилишдек улуғ мақсад турганлиги алоҳида эътиборга молик.

Назаримда, кундалик жараён ва ўзгаришларга ўрганиб, кўникиб қолгандекмиз. Аслида тафаккуримиз тез мослашаётган янгиликлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунёдкорлик кўлами шаҳарлардан тортиб, чекка қишлоқ ва маҳаллаларга қадар етиб боргани қувонарли. Бугун ўз уйини замонавий кўринишга келтираётган, оила бюджетини яхшилашга интилаётган юртдошларимиз кўпайгани сир эмас. Йўл, ичимлик суви, мактаб, боғча каби муаммоларга “очиқ бюджет” орқали овоз бериб, ўз қишлоғи обод бўлишида фаол иштирок этаётган юртдошларимиз розилик ва мамнуният билан ислоҳотлар муваффақиятига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Гапни сиёсий ислоҳотларга олиб келиб тақаётганимиз бежиз эмас, албатта. Аввало конституциявий ислоҳотлар, оддий қилиб айт сак, Бош қомусимизни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш мақсадида бошланган ишлар – кўп миллатли халқимизнинг хоҳиш иродаси билан 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда расман тасдиқлангани катта сиёсий воқеа бўлди.

Янги таҳрирдаги конституциямиз элнинг эртанги  орзулари жамланган ҳужжат сифатида қабул қилинди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан муддатидан илгари президентлик сайловини ўтказиш таклифи илгари сурилгани ислоҳотлар шиддатини янада тезлаштирди, десак муболаға бўлмайди.

Марказий сайлов комиссияси тегишли чора-тадбирларни белгилагани ва сайловга қисқа муддатда пухта тайёргарлик кўрилганини халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этди. Сайловчилар билан мулоқотлар жараёнида Шавкат Мирзиёев 5 та устувор мақсад асосида келгуси 7 йилликда амалга ошириладиган улкан ислоҳотларни маълум қилди. Ўзига хос стратегия саналган сайловолди дастури инсонпарвар, аниқ ва мукаммал, тараққиётнинг изчиллигини таъминлаш механизмларини тўла-тўкис акс эттирган. Эркин фикр билдириш, ўз таҳлил ва хулосаларига эга бўлган сайловчилар кенг қатламининг холис танлови мазкур стратегиянинг нақадар ҳаётийлигидан дарак берди.

Йилнинг яна бир сиёсий воқелиги – сайланган Президентнинг парламент палаталарининг қўшма мажлисида тантанали қасамёд қабул қилиш маросимидаги маърузаси бўлди. “Халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, эришган ютуқларимизни янги, янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш – бош вазифамиз” деб номланган маърузада мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён эл-юртимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир марта тасдиқлади, дея алоҳида таъкидлангани диққатга сазовор.

Ҳаяжон билан кўп миллионли юртдошларимиз телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб борган тадбирда Шавкат Мирзиёев юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун мард ва донишманд халқимизга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистонда кейинги йилларда изчиллик билан олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш депутат ва сенаторлар, вазир ва ҳокимлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарларидан, ҳар бир юртдошимиздан белимизни янада маҳкам боғлаб, аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб этишини қайд қилди.

Ислоҳотлар мазмуни – ватандошларимизнинг бугунги кунидан рози, эртанги кунига катта ишонч билан яшаш, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишдир. Шундай улуғ ва эзгу мақсад йўлида барчамизни бирлаштирган ислоҳотлар бардавом бўлишидан манфаатдормиз, албатта.

Илҳом БОТИРОВ,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    408
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+