“Ўзбекистон – 2030” - мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти стратегиясидир

15.09.2023, 16:56

“Ўзбекистон – 2030” - мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти стратегиясидир

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналишлари белгилаб берилган муҳим ҳужжат, келгуси етти йилда эл-юрт равнақи йўлида амалга ошириладиган ислоҳотларимиз бардавомлиги учун муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Унда барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида қатор устувор вазифалар белгилаб берилган. 

Вилоятимизда саноатни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилиб, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш асносида янги-янги корхоналар ишга туширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилаётир. Партия электорати бўлган тадбиркорлар, фермерлар  фаолиятини асоссиз текширувларга чек қўйилди, экспортёрлар рағбатлантирилди, ёшлар ва хотин-қизларнинг ишбилармонлик ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Натижада, тадбиркорлар сони олти баробарга кўпайиб, маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланди. Озод юртимизда тадбиркорлик фаолиятини замонавий бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб янада эркинлаштириш, улар устидан турли текширувларга мораторий жорий қилиш, корхоналарни хусусийлаштириш, рақобатни қўллаб-қувватлаш орқали давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш борасидаги ислоҳотлар юксак самара бераётир.

Президентимиз ташаббуси билан вилоятимиз экспорт салоҳиятини  ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва сифатини жаҳон андозалари даражасида сақлаш, чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликни  янада яхшилаш мақсадида “Uzbekistan GTL” заводи ишга туширилиб,  Янги Ўзбекистоннинг нефт-кимё саноати тарихида биринчи синтетик нефть ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.   Асосий мақсад - углеводород хом ашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш эвазига юқори кўшимча қийматга эга бўлган полимер маҳсулоти турларини кўпайтириш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда импорт ўрнини босувчи материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан иборат.    

Эътироф этмоқ жоизки, сўнгги йилларда вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтириш учун 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Тадбиркорлар сони 2,5 баравар ортиб, қўшимча 325 мингта янги иш ўринлари яратилди. Янги-янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.    

Ўтган етти йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 52 миллиард доллардан 80 миллиард долларга ошди ва бу мамлакатимиз жадал ривожланаётганининг муҳим кўрсаткичидир. Стратегияда биринчи марта жиноят содир этган шахсни, агар у суд маслаҳатхонага киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган бўлса,  жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган. Бундан буён тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган ҳар бир жиноят иши бўйича тергов ҳамда суд жараёнида тегишли мансабдор шахс жиноят иши материалларини иш юритувига қабул қилган вақтдан бошлаб тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, тадбиркорлик субъекти аъзо ҳисобланган бошқа ташкилотни жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиш тартиби жорий этилиши тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда  ҳақиқий кўмак бўлади.

Бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланиб, 2024 йилдан бошлаб, янги уй-жой сотиб олган аҳолига ҳамда қўшилган қиймат солиғининг ярми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қиймат солиғининг 50 фоизи қайтариб берилади. Ижтимоий реестрга кирган аҳолини ишга олган корхоналарга ходимининг даромад солиғи қайтариб берилади. Вақтида солиқ тўлаётган корхоналарга қўшилган қиймат солиғи қайтариш муддати бир кун этиб белгиланади ҳамда уларда солиқ текширувлари ўтказилмайди ва давлат харидларида устунлик берилади.

Ислоҳотлар бардавомлиги юксак самара бераётганлиги боис, халқимизнинг турмуш тарзи, яшаш шароити кун сайин яхшиланиб, онгу тафаккури ўзгариб, кун сайин юксалиб бормоқда.  Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизда иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли  бандлиги ва фаровонлиги ошириш,   одамларни ҳаётдан рози қилиш йўлидаги эзгу ишлар бардавомлигини таъминлашда бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мазкур стратегияда белгилаб берилган устувор йўналишлар тадбиркорлар учун шарт-шароит яратиш, янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш , ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашиш борасида зиммамизга улкан вазифалар юклайди. Депутатларимиз ва фаолларимиз вилоятда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ёшларни тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш борасида партиявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Мақсад - воҳа иқтисодий тараққиётини янада  ривожлантириш, барқарорликни таъминлаш баробарида халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, ватанимиз равнақи йўлидаги ишларни янада жадаллаштириш, халқимизга фаровон ҳаёт бахш этишдир. 

Шуҳрат АСЛАНОВ,

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+