Сув бор жойда ҳаёт бор, мусаффолик барқарор

19.09.2023, 10:27

Сув бор жойда ҳаёт бор, мусаффолик барқарор

Президентимизнинг Фармони билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ҳамда уни 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича  қарори қабул қилинди. 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсаддан иборат бўлган мазкур стратегияда келгуси етти йилда амалга оширилиши  лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиб, аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштириш долзарб вазифа саналади. Мамлакатимизда суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари доирасида кенг кўламли ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда. Бироқ глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келганлиги суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келди.  Йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш вақти келди. Суғориладиган ва лалми ерлар, тоғ ва тоғолди ҳамда чўл-яйлов ҳудудларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Муаммонинг мақбул ечимларини топиш учун замонавий усуллар асосида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига эришиш, янги серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари, уларнинг бирламчи уруғчилигини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар ташкил этиладиган бўлди.   

Олимларнинг таъкидлашича, келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши ва қўшни мамлакатларда сув истеъмолининг ортиши республикамиз истеъмоли учун Амударё ва Сирдарё каби дарёлардан сув олиниши камайиши кутиляпти. Натижада қурғоқчилик ва чўлланиш жараёни янада кучайиб кетиши ҳамда аҳоли турмуш даражасига жиддий таъсир қилиши мумкин. Эндиликда кўп сув талаб қилувчи экинларни босқичма-босқич сувни кам талаб қиладиган экинларга алмаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқилаётир.  Иқлимнинг ўзгариши натижасида келиб чиқадиган сувсизлик экин ривожига ҳам, ҳосилга ҳам жиддий таъсир қилади.   Ёзда ҳароратнинг кескин кўтарилиши, чўлланиш, ичимлик сувининг етишмаслиги, ёғингарчиликнинг камаяётгани барчамизни огоҳликка чақирмоқда.

Мана етти йилдирки, соҳага инновацион билим ва ғояларни олиб кириш, қишлоқ хўжалигини экстенсив ривожлантириш орқали кўп маҳсулот етиштиришга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Чунки унумдор ер ва сув ресурслари чеклангани учун тобора сони ошаётган аҳоли эҳтиёжини қондира олмаётганимиз боис айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилишга мажбур бўлаяпмиз.  Чунки мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади. Уларнинг камайиши бошқа давлатларга нисбатан биз учун кўпдан кўп салбий оқибатлар келтириши аниқ. Сув танқислиги қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги боис аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашиб, экспорт камайиб,   инфляция кузатилиши, озиқ-овқат нархи ошиб, бандликни таъминлашда жиддий муаммолар юзага келиши табиий. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида сув ресурсларини комплекс ривожлантириш ва сувдан мақсадли самарали фойдаланишни ривожлантириш, бошқарув қарорларни қабул қилиш жараёнини яхшилаш, бошқариш механизмларининг самарали турларини жорий этиш ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари сув ресурслардан оқилона фойдаланишини  талаб этиш борасида амалий таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Бу муҳим ҳужжат сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишни тиизмли йўлга қўйиш, ушбу технологияларни кенг миқёсда жорий этиш мақсадида давлат томонидан рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш борасида дастурилмала бзлиб хизмат қилиши табиий. 

Босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва корхоналарга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун ўн фоизли кредитлар ажратилиши, атмосферага зарарли ташланмалар ҳажмини камайтириш мақсадида халқаро “карбон маркет” тизими доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан барпо этиладиган яшил майдонларни ташкил қилиш харажатларини қисман  жалб қилинган грант маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш амалиёти йўлга қўйилади ҳамда барпо этилган яшил майдонлар, айниқса, яйловларни озуқабоп экинлар билан, қишлоқ хўжалиги ерларини дарахтлар билан қоплаш бўйича компенсациялар иссиқхона газларини зарарсизлантириш даражасига мутаносиб равишда ажратилиши аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, чор атроф мусаффолигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб  этади.

Арзиқул ШЕРОВ,

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    240
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+