Барқарор иқтисодий ўсиш – аҳоли фаровонлиги гаровидир

19.09.2023, 14:43

Барқарор иқтисодий ўсиш – аҳоли фаровонлиги гаровидир

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги 6-7 йилда тўпланган тажрибаларимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили эканлигини исботлади. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркор ва ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган эътибор туфайли юртимиз иқтисодиёти тез суръатларда ўсиб,  янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда катта роль ўйнамоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур бошланган эзгу ишларнинг келгусида янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилади..

Хусусан, келгуси етти йилликда иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни икки баробарга камайтириш, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш асосий мақсад қилиб олинмоқда. Бунда 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш мўлжалланган.

Бундан ташқари, келгусида “яшил” иқтисодиёт”га ўтиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқорига кўтариш  каби чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги агрологистика марказлари фаолияти йўлга қўйилади ҳамда уларнинг экспорт салоҳияти 1 миллиард долларга етказилиши кўзда тутилган.

Қарорда кўрсатилишича, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилиши, келгуси  йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш тартиби жорий этилиши барча ишбилармонлар қатори хусусий корхоналарнинг мулкдори сифатида шахсан мени ҳам беҳад рухлантириб юборди.

Умуман олганда, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда партиямизнинг ҳудуддаги кўп минг сонли аъзолари, депутатлари олдида ҳам улкан масъулият юклайди. Бу борада биз бор куч ва салоҳиятимизни намоён қиламиз.

Улуғбек  Сотиболдиев,

Олий Мажлис Сенати аъзоси, 

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    386
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+